ГЕОМЕТРИК ОПТИКА — оптиканинг ёруғлик нурлари ҳақидаги тасаввурлар асосида оптик нурланиш (ёруғлик)нинг тарқалиш қонуниятларини ўрганадиган бўлими. Геометрик оптика қонунлари манбадан чиқаётган ёруғликнинг тўлқин узунлиги атрофдаги нарсаларнинг ўзларига хос ўлчамларидан кўплаб марта кичик бўлган ҳолдагина ўринли бўлади. Бу ҳолда ёруғлик нури деган тахм. тушунчани ишлатиш мумкин. Ёруғлик нури сифатида ёруғлик энергияси оқими тарқалаётган чизиқ тушунилади. Hyp диафрагмалар ёрдамида ҳосил қилинади. Деярли ёйилмасдан тарқалувчи ёруғлик нурига мисол қилиб лазер нурини кўрсатиш мумкин.
Мустақил тарқалувчи ёруғлик нурлари ҳақидаги тасаввур қад. дунё фани давридаёқ вужудга келган эди. Юнон олими Эвклид нурнинг тўғри чизиқли тарқалиш ва ёруғликнинг кўзгудан қайтиш қонунини кашф қилди. 17-а. да бир қатор оптик асбоблар (кузатиш трубаси, телескоп, микроскоп ва б.) кашф қилиниши ва уларнинг кенг қўлланиши муносабати билан Геометрик оптика жуда тез ривожлана бошлади. Шу даврда голланд математиги В. Снелл ва Р. Декарт томонидан ёруғлик нурларининг икки муҳит чегарасида синиш қонунлари тажриба асосида кашф қилинди. 17-а. ўрталаридаёқ француз олими П. Ферма Г. о. нинг асосий принципини қуйидагича ифодалаган эди: икки нуқта орқали ўтувчи ёруғлик нури шу нукталар оралиғида энг қисқа вакт кетадиган йўл бўйлаб юради. 18-а. дан бошлаб оптик системаларининг ҳисоблаш усуллари такомиллаша борган сари Г. о. амалий фан сифатида ривожлана борди.
Геометрик оптикада озгина тушунча ва қонунлар (ёруғлик нури тўғрисида тасаввур, ёруғликнинг қайтиши ва синиши қонунлари)га асосланиб, кўпгина муҳим амалий натижаларни олиш мумкин.