ГЕОЛОГИЯ ВА ГЕОФИЗИКА ИНСТИТУТИ

ГЕОЛОГИЯ ВА ГЕОФИЗИКА ИНСТИТУТИ — Ўзбекистон ФА Ҳ. М. Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти — Ўзбекистондаги йирик и. т. муассасалардан бири. 1937 й. Ўзбекистон ХКС қошидаги Ўзбекистон фанлар комитета (1943 й. дан, УзФА)нинг геол. ва минерал ресурслар и. т. секторларининг гидрогеология ва муҳандислик геологияси негизида Тошкент ш. да ташкил этилган. 1959 й. да ин-тдан Нефть ва газ конлари геол. си ва разведкаси, 1960 й. да Гидрогеология ва муҳандислик геологияси ин-тлари ажралиб чикди. 1962 й. да институтга Ҳ. М. Абдуллаев номи берилган. 1966 й. да ин-тнинг сейсмология бўлими асосида Ўзбекистон ФА Сейсмология и. т. института ташкил этилди.

Ин-тнинг илмий йўналишларини белгилашда Ўзбекистон ФА акад. лари Ҳ. М. Абдуллаев, А. С. Уклонский, Ғ. О. Мавлонов, В. И. Попов, И. Ҳамробоев, О. М. Акрамхўжаев, Ф. А. Усмонов, Т. Н. Долимос, мухбир аъзолари Э. М. Исамуҳамедов, А. В. Королев, Е. М. Бутовская, О. М. Борисов; фан д-рлари М. О. Аҳмаджонов, С. Т. Бадалов, Қ. Л. Бобоев, Н. П. Васильковский, М. 3. Зокиров, П. В. Панкратьев, А. В. Покровский, Р. А. Мусин, М. И. Исмоилов, фан номзодлари Н. П. Петров, А. А. Крейтер ва б. салмоқли ҳисса қўшдилар.

Ин-тдаги барча и. т. лар 11 лаб. да олиб борилади. Ин-т Ўзбекистонда геол. фанининг турли йўналишида олиб борилган фундаментал тадқиқотларнинг маркази бўлиб келди. Хусусан рудали конларнинг тарқалиш қонуниятларини ўрганадиган фан — металлогениянинг асосчиларидан бири Ҳ. М. Абдуллаевнинг геол. фанининг ривожланишидаги хизматлари беқиёс бўлди. 1990-й. ларда ин-тда металлогениянинг янги йўналиши — статистик металлогенияга асос солинди. Ин-т Ўзбекистон ва Урта Осиёда тадқиқотлар бўйича мувофиқлаштирувчи бош ташкилот ҳисобланади (Урта Осиё петрография қўмитаси ташкил этилган). Ин-тда геол. нинг термометрия (термобарокимё), мутлақ геохронология (изотоплар геологияси), биокимё, экспериментал петрография ва минералогия, математик геол., микроминералогия, технологик геокимё каби янги йўналишлари ташкил қилинди. Ер пўстининг чуқур қисмлари ва юқори мантиясини комплекс ўрганиш (И. Ҳ. Ҳамробоев, Е. М. Бутовская) «Юқори мантия», «Помир-Ҳимолай лойиҳаси», «Литосфера» халқаро дастурлари доирасида амалга оширилди. Бу тадқиқотлар натижасида Ўрта Осиёда Ер пўстининг чуқур қисмлари ҳақида дастлабки маълумотлар олинди. Ин-тда геол. фанининг фундаментал йўналишлари амалиёт б-н узвий боғлиқ ҳолда олиб борилади. Ўзбекистонда бир қанча рудали майдонлар ўрганилди, ис-тиқболи аниқланди. Мурунтов, Чармитон, Кўкпатос олтин конлари, Шовозсой литий кони очилди. Ин-т Олмалиқ, Навоий ва Маржонбулоқ кон-металлургия к-тларининг технологик линиялари қурилишида иштирок этди.

1990-й. ларда ин-тда минерал хом ашёларни баҳолаш ва қайта ишлаш технологияларини минералогик-геокимёвий асослари бўйича янги йўналиш ташкил қилинди.

Ин-тда қарийб 170 ходим, жумладан Ўзбекистан ФА акад., 16 фан дри ва 34 фан номзоди хизмат қилади (2001). Булар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоблари (И. Ҳ. Ҳам-робоев, С. Т. Бадалов, Е. М. Бутовская, Ф. А. Усмонов), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган геологлар бор. Ин-тда олиб борилган и. т. лар 5 марта А. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофо-ти билан такдирланган (1970, 1977, 1981, 1986, 1988). Айни пайтда ин-тда халқаро дастур бўйича ҳам и. т. ишлари бажарилади. 12 мамлакат (АҚШ, Канада, Хитой ва б.) билан ҳамкорликда Ер пўсти чуқур қатламларининг тузилиши билан металл концентрацияларининг ўзаро боғлиқлиги; Франциянинг Гренобль ун-ти олимлари билан ҳамкорликда нефть-газли ҳудудларда техноген зилзилаларнинг вужудга келиш омиллари ва уларни башоратлаш; Германия (Бавария ери)даги Байрёйт ун-ти билан ҳамкорликда музликларнинг иқлим, тупроқ ҳосил бўлишига ва экология таъсири муаммолари устида и. т. ишлари бажарилмоқда.

Абдужалил Ортиқов.