ГЕОФИЗИКА

ГЕОФИЗИКА — Ер шарининг умумий физик хоссаларини, унинг қаттиқ, суюқ ва ҳаво қатламларидаги жараёнларни ўрганадиган фанлар мажмуи. Учта катта бўлим: Ер физикаси, гидрофизика ва атмосфера физикасидан иборат. Геофизиканинг хусусий усуллари хилма-хил бўлиб, улар қаттиқ, суюқ ва ҳаво қатламларининг хусусиятларини ўрганиш билан бир-биридан фарқ қилади.

Геофизиканинг бевосита Ерни ўрганиш билан шуғулланадиган қисми амалий ва умумий бўлимлардан иборат. Амалий Геофизикага электр разведка, сейсмик разведка, гравиметрик разведка, магнит-разведка, радиометрия усуллари киради; улар фойдали қазилма конларини қидиришга каратилган. Умумий Геофизика эса Ернинг ички, устки қатламларидаги физик майдонлар ва жараёнларни ўрганади.

Умуман Геофизиканинг айрим соҳалари билан илмий нуқтаи назардан шуғулланиш 16-а. охирларидан бошланган. 19-а. ўрталарида Геофизика мустақил фанга айланди, 20-а. 40—60й. ларига келиб изчил система сифатида шаклланди. Ўзбекистонда Геофизиканинг вужудга келиши 1867-70 й. ларда Тошкентда физик расадхона очилиши билан бошланди. Геомагнит ўлчашлар 1871 й. дан маршрутлар бўйлаб ўтказилган, 1877 й. дан эса мунтазам равишда расадхонада олиб борилган. 1901 й. да Тошкентда Ўрта Осиёда биринчи сейсмик ст-я очилди, 1928 й. да магнит расадхона ташкил этилди. 1930-40 й. ларда Ўзбекистан барча ҳудудларининг магнитометрик ва гравиметрик хариталари тузилди.

Атмосфера физикаси соҳасидаги дастлабки муҳим натижалар 19-а. охири — 20-а. бошларида олинди. Биринчи марта атмосфера циркуляцияси, циклонларнинг тараққий этиш назариялари ишлаб чиқилди. 20-а. 40-й. лари ўрталаридан бошлаб Геофизикага дойр ишлар комплекс ривожлана бошлади. Газ ва нефть чиқиши эҳтимоли бор жойлар ўрганилди (Ю. Н. Годин, Б. П. Лебедев, И. И. Крейнес, М. В. Мухин ва б.). Рудага бой жойларнинг ўрганилиши натижасида Бухоро — Хива ҳудудида, Фарғона ва Сурхондарё водийларида қимматбаҳо қазилма бойлик конлари аниқланди. 40-й. лар охиридан бошлаб чуқур сейсмик зондлашнинг нуқта усулини қўллаб изланишлар ўтказилди. 50-й. лар охирида узлуксиз профиллаш тартибидаги чуқур сейсмик зондлаш усули ишлаб чиқилди ва Ўрта Осиёнинг кўп қисмида шу усулдан кенг фойдаланилди. 50-60-й. лар ўрталарида нефть ва газ конларини излаш билан бирга чуқур пармалаш лойиҳалари тайёрланди (Б. Б. ТальВирский, И. С. Вольвовский, А. М. Колпаков, Т. Л. Бобожонов, В. В. Рубо ва б.).

Кибернетика фанининг тараққий этиши, Ер сунъий йўлдошларининг учирилиши Геофизика фанининг жадал ривожланишига сабаб бўлди. Геофизик тадқиқотлар геофизик ҳодисаларни бевосита кузатишлар натижаларига асосланиб, махсус асбоб ва усуллардан фойдаланиб бажарилади. Бундай ишлар гидрометеорология ст-я тармоқлари, Геофизика расадхоналари, магнит расадхона, Ер сунъий йўлдошларини кузатиш пунктлари, сейсмик ст-ялар ва б. да олиб борилади.

60-й. лардан бошлаб Геофизиканинг сейсмологик, палеомагнетизм ва б. усуллари қўлланиб, Ўзбекистонни сейсмик хавфлилик жиҳатидан р-нлаштириш, Ер пўсти қатламларини геологик ёшини аниқлаш ишлари олиб борилди. Натижада геологик, тектоник ва б. маълумотларни ҳам таҳлил қилиб, Ўзбекистоннинг сейсмик р-нлаштирилган хариталари (1966, 1978) тузилди. Мазкур хариталардан қурилиш ишларида муҳим аҳамиятга эга бўлган меъёрий ҳужжат сифатида фойдаланиб келинмоқда.

1966 й. 26 апр. да юз берган Тошкент зилзиласидан сўнг Геофизиканинг айрим усуллари Ўзбекистонда кенг миқёсда қўлланила бошлади. Жумладан, Тошкент, Фарғона, Қизилқум геодинамик полигонлари ташкил қилиниб, бу жойларда сейсмологик, магнитометрик, электрометрик, гравиметрик усуллар билан зилзилаларни олдиндан билиш (прогноз қилиш) муаммоси бўйича изланишлар олиб борилди. Ер пўстидан тарқаладиган электромагнит импульс лар ва атмосферадаги ионосфера ток қатламларининг ҳолатини ўрганиш каби усуллар ҳам олдиндан билиш муаммосини ечиш йўлида қўлланила бошлади. Ушбу сўнгги икки усул зилзилаларни олдиндан билиш мақсадида дастлаб Ўзбекистонда қўлланилди. Геофизикада бу йўналишда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган янги натижалар олинди. Жумладан, Ер магнит майдонида кузатилган ўзгаришлар орқали 1978 й. 2 ноябрдаги Олай, 1982 й. 6 майдаги Чимён, электромагнит импульс ларининг ўзгариши бўйича эса 1976 й. 17 майдаги Газли, сейсмик усул ёрдамида 1984 й. 18 фев. даги Поп зилзилаларининг вақти, жойи ва кучи башорат қилинди. Бу натижалар шу соҳада дунё миқёсида биринчи маротаба олинган илмий-амалий ютуқлар бўлди (F. О. Мавлонов, В. И. Уломов, Қ. Н. Абдуллабеков, С. С. Ҳусамиддинов, С. X. Максудов ва б.). Г. нинг сейсмологик, электрометрик, геологик, гидрогеологик усулларнинг мажмуи асосида 1966 — 98 й. ларда Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарканд каби 20 дан ортиқ шаҳар, йирик саноат қурилиш объектлари учун микрорайонлаштириш хариталари яратилди ва халқ хўжалигига қўллаш учун жорий этилди.

1970 й. дан бошлаб Ер пўсти ва юқори мантиясини урганишда чуқур сейсмик зоналаш, сейсмология, гравиметрик разведка, электр разведка, магнит разведка усулларидан фойдаланилди (Е. М. Бутовская, Ф. X. Зуннунов, В. А. Пак, Т. Е. Эргашев ва б.). Зилзилалар, портлаш вужудга келтирадиган тўлқинларни ялпи қайд қилиш усули билан Помир — Ҳимолай халқаро лойиҳаси буйича Италия, Ҳиндистон, Покистон олимлари билан ҳамкорликда и. т. ишлари олиб борилди (И. Ҳ. Ҳамробоев, Е. М. Бутовская, Т. Л. Бобожонов).

Ер пўстининг ҳар хил чуқурликларида рўй берадиган физик, механик жараёнларнинг табиати мураккаб эканлиги экспериментал Геофизикани ташкил қилиш ва ривожлантиришга сабаб бўлди. Хусусан. тоғ жинслари намуналарининг магнит, электр, тўлқин ўтказиш ва б. физик хусусиятлари лаб. шароитида ҳар хил босим ва т-ра таъсирида ўрганилди (М. X. Боқиев, С. X. Мақсудов ва б.). Олинган натижалар кучли зилзилалар табиатини аниқлаш, уларнинг тайёрланиш жараёни назариясини яратиш ва зилзилаларнинг магнит, электр, электромагнит майдонларда пайдо бўлган даракчиларини таҳлил қилишда фойдаланилди.

Ўзбекистонда Геофизикага доир и. т. ишлари ЎзР Геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Гидрометеорология бош бошқармаси, Геодезия, харитаграфия ва кадастрлар бошқармаси, «Ўзбекнефтегаз» холдинг корлорацияси, Ўзбекистон ФА Геология ва геофизика ва Сейсмология ин-тлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистан миллий ун-ти, Беруний номидаги Тошкент давлат техника ун-тида олиб борилади.

Собитжон Мақсудов, Ҳусан Отабоев.