ГЕМОСПОРИДИЯЛАР

ГЕМОСПОРИДИЯЛАР, қон споралари (Haem osporidia) — кокцидиясимонлар синфига мансуб туркум. 10 авлоди ва 100 дан ортиқ тури бор. Катталиги бир неча мм. Судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчилар, жумладан, одам қони эритроцитлари ва эпителий ҳужайраларида паразитлик қилади. Айрим Гемоспоридиялар оғир касаллик келтириб чиқаради. Хўжайин алмаштириш йўли билан ривожланади. Асосий хўжайини қон сўрувчи чивинлар, оралиқ хўжайини умуртқали ҳайвонлар ва одам. Чивинлар қон сўрганида паразитнинг спорозоитларини юқтиради. Гемоспоридиялар чивинлар ички органларида шизогония (кўп марта жинссиз бўлиниш) орқали кўпаяди. Бир неча марта жинссиз кўпайиб насл бергандан сўнг қизил қон таначалари ичига кириб, гаметоцитларга айланади. Ҳаракатчан зигота (оокинета) ошқозон деворида ривожланиб, ооцистага айланади. Унинг ичида эса кўплаб спорозоитлар пайдо бўлади. Спороцисталар асосий хўжайинининг сўлак безларига ўтади. Гемоспоридиялардан безгак плазмодийси одамларда безгак касаллигини келтириб чиқаради.