ГЕМОДИНАМИКА

ГЕМОДИНАМИКА (гемо… ва динамика ) — томирларда қон оқиши; Г. гидростатик босим томирлар системасининг турли қисмларида турлича бўлиши туфайли рўй беради (маълумки қон юқори босимли соҳадан паст босимли соҳага томон оқади). Бунда асосий омил юрак қисқаришлари бўлиб, ўртача ёшдаги одамнинг юраги ҳар қисқарганда томирларга 60—70 мл ёки мин. га 4,5—5 л қон ўтказади. Юракнинг мин. лик ҳажми деб аталадиган бу жараён юрак-томирлар системаси фаолиятининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Қон томирларининг эластиклиги, кўкрак бўшлиғида босимнинг манфий булиши, диафрагма ва скелет мускулларининг қисқариши туфайли қон томирлар системасида тўхтовсиз оқиб туради. Шунинг натижасида кон билан тўқималар ўртасида мунтазам равишда моддалар алмашинуви рўй беради (қ. Гомеостаз).