ГЕМАНГИОМА

ГЕМАНГИОМА (юн. haima — қон, angeion — томир) — қон томирларининг хавфсиз ўсмаси. Кўпинча ёш болаларда томирнинг туғма ортиқча тармоқларидан ривожланади. Бола туғилган заҳоти ёки сал ўтгандан кейинроқ кўзга ташланади, баъзида ёши катталарда ҳам кузатилади. Тананинг турли соҳаларида, кўпроқ лаб, юз ва бўйинда учрайди. Бола ўсган сайин Гемангиома ҳам катталашади ва ҳийлагина жойни эгаллаб олади. Ўз вақтида даволанмаса, бошқа аъзоларга ўтиши мумкин. Гемангиома тери ва шиллиқ қаватда, мускул, бириктирувчи тўқима ва суякларда, шунингдек жигар, буйрак ва б. аъзоларда ҳам бўлади. Жаррохлик йўли билан ўсма олиб ташланади (яна қ. Ангиома).