ГЕЛИОСЕЙСМОЛОГИЯ (гелио…, сейсмо…,… логия) — Қуёшнинг ички тузилишини тадқиқ қилишга қаратилган замонавий астрофизика йўналиши. Гелиосейсмология деб аталишига сабаб бу соҳа ҳам сейсмик тўлқинларни ўрганиш асосида Ернинг ички тузилишини ўрганувчи фан — сейсмология каби акустик тўлқинларни ўрганиб, Қуёшнинг ички тузилиши тўғрисида маълумотлар тўплашга имкон беради. Гелиосейсмологияда Қуёшнинг ички тузилишини ўрганиш Доплер тезлигини ўлчаш, Қуёш ёрқинлиги ва диаметрининг ўзгаришини қайд этишга асосланади. Қуёш юзаси даврий равишда кўтарилиб ва пасайиб (тебраниб) туриши туфайли унинг узоқлашуви ва яқинлашуви ёруғлик спектрал чизиғига таъсир кўрсатади. Қуёш гардишининг турли қисмлари спектрал чизиқларини таҳлил қилиб тезликлар тақсимотини Доплер эффектита асосан топиш усули Гелиосейсмологияда кенг қўлланилади. Қуёш тебранишларини қайд этишда спектрал чизиқнинг ниҳоятда тор (ангстермнинг юздан бир улуши) соҳасини ўтказа оладиган фильтрдан фойдаланилади. Тебраниш даврини катта аниқликда ўлчаш учун узоқ вақт (бир неча ой) давомида узлуксиз кузатувлар ўтказиш керак. Тунда ва ҳаво булут бўлган пайтдаги узилишларнинг ўрнини қоплаш учун Қуёшни турли қитъалардан туриб кузатиш керак. Шунинг учун ҳам Гелиосейсмология соҳасидаги тадқиқотлар халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида бажарилади. Бундай дастурлардан бири — ИРИС лойиҳасида Ўзбекистон ФА Астрономия ин-ти ҳам иштирок этади. Тошкент вилоятининг Қумбел тоғига лойиҳа телескопи ўрнатилган. Тебранишларни кузатишдан олинган маълумотлар асосида конвектив зона чуқурлиги ва Қуёшнинг ички айланиш тезлиги, Қуёш қаърида товушнинг тарқалиш тезлиги ва Қуёш моддасининг нотиниқлиги, босим ва т-ранинг радиус бўйлаб тар-қалишлари ўрганилади. Гелиосейсмология усуллари Қуёш юзасидаги фаол соҳаларни улар ҳали пайдо бўлмасданоқ ўрганишга, унинг қаъридаги гелий миқдорини аниқлашга ҳамда нейтрино муаммоларини ечишга ёрдам беради.
Собит Плёсов.