ГЕЛИОКОНЦЕНТРАТОР

ГЕЛИОКОНЦЕНТРАТОР (гелио…, лот. con. — бирга, centrum — марказ, ўчоқ) — қуёш радиацияси зичлигини ошириш мақсадида қуёш нурларини бир жойга тўплаш (фокуслаш) учун мўлжалланган қурилма; бир ёки бир неча кўзгу ёки линзадан иборат. Гелиоконцентраторнинг асосий қисмлари бикр (қаттиқ) бириктирилган корпус ва кўзгу ёки линзалар тўплами. Гелиоконцентраторнинг қайтарувчи сирти параболоид, конуссимон, тороидал, таркибий (ҳар хил ясси кўзгулардан иборат), кўзгулинзали ва б. кўринишда бўлиши мумкин.

Қуёш нурларини тўплаб, ундан фойдаланишга уриниш қадимдан маълум. Мас, Архимед, француз олимлари Т. П. Бюффон ва А. Л. Лавуазьенинг ёндириш қурилмалари, кейинчалик ҳар хил шаклдаги Гелиоконцентраторлар пайдо бўлди. Ўзбекистонда диаметри 10 м ли параболоид кўринишидаги Гелиоконцентратор 1946 й. да яратилган. Шундан кейин Франция, АҚШ ва Японияда ҳам худди шундай параболоид Гелиоконцентраторлар ясалди. Улар бир-биридан диаметри билан фарқ қиларди, холос. Кейинчалик кўзгуларнинг умумий юзаси 20 минг м2 га етадиган йирик Гелиоконцентратор ҳам пайдо бўлди. Гелиоконцентратор қуёш иссиқлик-куч қурилмалари, қуёш энергетика курилмалари ва б. да қўлланилади. Параболоид Гелиоконцентратор ёрдамида ҳосил қилинадиган энг юқори энергия зичлиги 35-Ю3 кВт/м2 (Қуёш сиртида нур энергияси зичлиги 74-Ю3 кВт/м2) (яна қ. Гелиотехника, Гелиоқурилма).