ГАЗ КОНДЕНСАТЛАРИ — табиий газнинг йўлакай, рангсиз, тиниқ, ҳаракатчан турли углеводородлар аралашмаси; метан қатори (алифатик), ароматик (ациклик) ва нафтенин (алициклик) тизимли таркибга эга. Табиий газ конларининг деярли 60 — 70% и Г. к. бўлиб, уларнинг тизим тар-киблари коннинг параметрларига (Т, Р ва б.) боғлиқ. Газ конларининг чуқурлиги (150—5500 м), газ ҳаракати, босими, мазкур коннинг ҳолатига қараб Газ конденсатлари углеводородлари ушбу кон гази билан турли нисбатда фазавий мувозанатда бўлади. Демак, Газ конденсатлари газ қудуқларидан газга нисбатан турли миқдорда эриган ҳолда (50—800 г/м3) ишлаб чиқарилади.
Газ конденсатлари кўпроқ газ-нефть ҳавзаларидан газ и. ч. жараёнида нормал шароитда газда эриган углеводородлар мажмуасини конденсатлаб (суюлтириб) олинади. Зеро табиий газни баъзи йўлакай қўшимча сув, турли заҳарли газлар ва б. дан тозаламасдан истеъмолчиларга (Г. к. узатиш қувурларига) бериб бўлмайди. Шунинг учун газни қайта ишлаш саноатининг мукаммал рационал ва хавфсиз и. ч. тизими шакллантирилади. Ўзбекистоннинг Муборак, Шўртан, Учқир, Газли, Зеварди, Кўкдумалоқ ва б. газни қайта ишлаш з-длари йилига 50 млрд/м3 газнинг деярли 90% ини тозалаб истеъмолчиларга етказиб беради. Газ конденсатлари махсус қурилмаларда мақбул ҳолга келтирилиб, нефтни қайта ишлаш корхоналарида нефть билан бирга бензин, керосин ва дизель ёнилғиси олиш учун ишлатилади. Бухоро нефтни қайта ишлаш корхонаси фақат Кўкдумалоқ Газ конденсатларидан ёнилғи олади.
Газ конденсатларидан фақат ёнилғи эмас, балки яна кўп моддалар: бензол, толуол ва ксилоллар, лок бўёқ тизимли эритувчилар ва махсус композицион суюлтирувчилар олиш мумкин. Газ конденсатлари органик ва нефтькимёвий синтезлар учун муҳим хом ашё, халқ хўжалигида ярим маҳсулот сифатида ишлатилади (қ. Газ саноати).
Ад.: Национальная корпорация Ў«збекнефтегаз», Т., 1998.
Аҳмаджон Алимов.