ГАЙАНА

ГАЙАНА (Guyana), Гайана Кооператив Республикаси (Cooperative Republic of Guyana) — Жан. Американинг шим.-шарқидаги давлат. Майд. 215 минг км2. Аҳолиси 900 минг киши (1997). Пойтахти — Жоржтаун ш. Маъмурий жиҳатдан 10 округга бўлинади.

Давлат тузуми. Гайана — Ҳамдўстлик таркибидаги республика. Амалдаги конституцияси 1978 й. июддаги референдумда қабул қилинган ва 1980 й. 6 октябрдан кучга кирган. Давлат ва ҳукумат бошлиғи — президент. У умумий тўгри овоз бериш йўли билан 5 й. муддатта сайланади. Конун чиқарувчи ҳокимиятни бир палатали парламент — Миллат мажлиси амалга оширади. Ижроия ҳокимият президент ва бош вазир бошчилигидаги вазирлар маҳкамаси ихтиёрида. Вазирлар маҳкамаси Миллат мажлиси олдида жавобгардир.

Табнатя. Атлантика соҳили пастлик бўлгани учун денгиз тўлқини пайтида қирғоқдаги ерларни сув босади. Шим. ва шим.-шарқи ботқоқ босган паеттекисликдан, маркази ва жан.

Гвиана ясситоғлигидан иборат (Ро-райма тоғи бал. 2772 м). Гайанада олтин, ниобий (колумбит), марганец, олмос, боксит конлари бор. Иқлими субэкваториал, иссиқ ва сернам. Ўртача ойлик т-ра Жоржтаунда 26—28°, йиллик ёғин 2230 мм. Дарёлари кўп. Йириклари — Эссекибо ва Корантейн. Ҳудудининг 85% га яқини доимий яшил нам ўрмонлар билан қопланган. Шим.ғарб, шим. ва шим.-шарқда саванналар. Кайетур миллий боғи ташки л этилган.

Аҳолисининг 54% ҳиндистонликлар, 36% африкаликлар. Негрлар, дурагайлар, мулатлар, хитойлар, индейслар хам яшаиди. Давлат тили — инглиз тили. Диний эътиқодига кўра кўпчилик аҳоли протестантлар бўлиб, католиклар, мусулмонлар, ҳиндулар ҳам бор. Шаҳар аҳолиси — 31%. Йирик шаҳарлари: Жоржтаун, Бартика ва б.

Тарихи. Қадимда Гайана ҳудудида индейслар яшаган. Гайанани биринчи бўлиб испанлар кашф этган (1499). 16-а. охирларида инглизлар Г. қирғоқларига келганлар. Кейинроқ голланд савдогарлари Эссекибо, Демерара ва Бербис дарёлари бўйига келиб жойлашиб, бу ерларни ўзлаштира бошладилар. Улар Африкадан келтирилган негр қуллар ёрдамида плантация хўжаликлари барпо этдилар. 18-а. охири — 19-а. бошларида Гайанага эгалик қилиш учун Буюк Британия, Голландия ва Франция ўртасида кураш бўлиб турди. 1814 й. ги Англия-Голландия сулҳига биноан Гайана Буюк Британия ихтиёрига ўтди ва 1831 й. дан Британия Гвианаси деб аталадиган бўлди. 1834 й. да қулдорлик бекор қилинди. 1838 й. дан бошқа мамлакатлардан, айниқса Ҳиндистон ва Хитойдан арзон иш кучи келтиридди. Гайана аҳолиси миллий-озодлик учун курашди. Бу кураш 2-жаҳон урушидан кейин кескин туе олди. 1953 й. да Британия Гвианаси меҳнаткашлари ички ўзини ўзи бошқаришни кенгайтиришга эришди. 1966 й. 26 майда Британия Гвианаси мустақил давлат деб эълон қилинди ва у Г. деб номланди. 1970 й. дан Гайана — республика. Ўша йилдан БМТ аъзоси. 1992 й. 8 янв. да ЎзР суверенитетини тан олган. Миллий байрами: Республика куни – 23фев. (1970).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмаси. Халқ тараққийпарвар партияси, ҳукмрон партия, 1950 й. тузилган; Халқ миллий конгресси, мухолифатдаги партия, 1955 й. ташкил этилган; «Бирлашган куч», мухолифатдаги партия, 1960 й. тузилган; Меҳнаткашлар иттифоқи, мухолифатдаги партия, 1977 й. ташкил этилган. Гайана касаба уюшмалари конгресси, 1940 й. да асос солинган.

Хўжалигн. Иқгисодиётининг асоси — қ. х. ва кончилик саноати. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. ва балиқчилик 40,1% (шу жумладан қанд-шакар и. ч. 28,4%), саноат 16,1% (шу жумладан кончилик 11,7%)ни ташкил этади. Океан соҳилида, Демерара ва Бербис дарёлари водийларида деҳқончилик қилинади. Асосий экинлари: шакарқамиш ва шоли. Кокос пальмаси, кофе, какао, цитрус мевалари, ананас, маниок, батат ва б. ҳам етиштирилади. Қимматбаҳо ёғоч тайёрланади. Яйловларда кўпроқ корамол боқилади. Дарё ва денгизларда балиқ овланади.

Саноатидаги ривожланиш фойдали қазилмалар, аввало боксит, шунингдек олтин, олмос, марганец қазиб олиш б-н боғлиқ. Иқгисодиётнинг асосий тармоқлари давлат назоратига олинган. Электр энергетикада иссиқлик электр ст-ялари устун. Бир йилда 219 млн. кВтсоат электр энергияси ҳосил қилинади. И. ч. саноати заиф ривожланган. Асосий тармоқлари: қанд-шакар, пиво, тамаки, ёғочсозлик. Г. роми жаҳонга машҳур. Т. й. уз. — 88 км, автомобиль йўллари уз. — 7,2 минг км. Асосий портлари: Жоржтаун, Нью-Амстердам. Четга қанд-шакар, боксит, шоли, олмос, ром, ёгоч-тахта, озиқ-овқат маҳсулотлари, алюминий оксиди чиқаради. Четдан турли машиналар, нефть маҳсулотлари, транспорт воситалари, қурилиш материаллари, сут маҳсулотлари, ун ва газлама олади. Буюк Британия, АҚШ, Канада билан савдо қила-ди. Пул бирлиги — Г. доллари.

Маданияти. 6—14 ёшдаги болалар учун мажбурий ўқиш йўлга қўйилган. Таълимнинг ҳамма турлари — бепул. 6 й. лик бошланғич, 7 й. лик ўрта мактаблар, ҳунар-техника билим юртлари, 2 коллеж бор. Ўқитувчилар Жоржтаундаги пед. коллежида ва 2 ўқув марказида тайёрланади. Илмий марказлари: Г. жамияти, Америка ахборот маркази, Гайана халқаро муносабатлар ин-ти ва б. Жоржтаун ун-ти, Миллий кутубхона, Гайана музейи мавжуд. Гайанада нашр этиладиган йирик газ. ва жур. лар: «Войс оф лейбор» («Меҳнат садоси», газ., 1980 й. дан), «Гайана кроникл» («Гайана ахбороти, кундалик газ., 1881 й. дан), «Миррор» («Кўзгу», ҳафталик газ., 1962 й. дан), «Нью нейшн» («Янги миллат», ҳафталик газ., 1955 й. дан), «Сандер» («Момақалдироқ», ҳар чоракда чиқадиган жур., 1950 й. дан), «Санди кроникл» («Якшанба ахбороти», ҳафтанома, 1881 й. дан). Гайана ижтимоий алоқалар агентлиги ҳукумат ахборот хизмати бўлиб, у 1989 й. да тузилган. «Гайана бродкастинг корпорейшн» ҳукумат радиоэшиттириш хизмати 1979 й. да ташкил этилган. «Гайана телевижн» ҳукумат телехизмати 1993 й. да тузилган.

Адабиёти инглиз тилида. Фольклор-ни Гайана туб жой аҳолиси — индейслар яратган, кейинчалик шакарқамиш плантацияларида ишлатиш учун келтирилган негрлар ва ҳиндлар ҳам бу жараёнга қўшилган. Ёзма адабиёт 19-а. да пайдо бўлди: «Колонист» тахаллусли муаллифнинг «Демерарадаги тунги ўйлар» лирик шеърлар тўплами, қулликдан фарёд чеккан С. Оливеранинг шеърлари, Т. Доннинг «Мўминларнинг қалб изҳори» тўплами ва б. А. Сеймур «Гвиана устида булут» достонида асосий тарихий даврларни тасвирлаган. Миллий озодлик кураши кучайган пайтда М. Картернинг жўшқин шеърияти катта аҳамият касб этди. Кейинги вақтларда наср ривожланмоқда.

Мустамлака даврининг қийинчиликларига қарамай, профессионал санъат ривожланди, у индейс ва негр анъаналарини ўзида мужассамлаштирди. Ёғоч ўймакорлиги, нақшинкорлик, рамзий тасвирлар намуналари мавжуд. Гайана даги меъморий иншоотлар асосан ёғочдан ясалган бўлиб, уларнинг услуби ҳар хил (испанча, голландча, инглизча услублар таъсири сезилади). Турар жойлар, одатга кура, баланд ғиштин тиргаклар устига кебрачо, бамбук, пальма ёғочларидан бир қаватли қилиб қурилган. Жоржтаунда дунёдаги энг катта ёгоч черков (меъмори А. Бломфилд) савлат тўкиб турибди. 1945 й. дан сўнг мамлакат пойтахтида замонавий бинолар қурилди.