ГАВАР ГАЗ-НЕФТЬ КОНИ — Саудия Арабистонида жойлашган газ-нефть кони (Форс кўрфазидаги нефть-газли ҳавзага мансуб). Хуфуф ш. дан 20 км ғарбда. Дунёдаги энг йирик кон. 1948 й. да очилган. 1951 й. дан ишга туширилган. Газ-нефть уюми 1,5—3 км чуқурликда жойлашган. Нефтнинг дастлабки захираси 10,14 млрд. т, газники 1,01 млрд. м3. Ўлчами 16—25×230 км, амплитудаси 370 м га тенг кўтарилмасимон баландликда жойлашган. 5 та кичик дўнгликлар б-н мураккаблашган. Уюмлар қуббали қатламда. Араб жубайла, друма свиталари газ-нефтли оҳактошлари 1550—2050 м чуқурликда жойлашган. Газ уюми коннинг жан. чеккасида 3000 м. чуқурликда пермь даври ётқизиқларидан топилган. Қалинлиги 50 м га тенг калькаренитли ва оолитли оҳактошлардан ташкил топган ётқизиқлар нефтга жуда бой. Қатламнинг дастлабки босими 22,5 мПа, ўтказувчанлиги 800—1500 мД. Нефтни зичлиги 850—865 кг/м3, қовушқоқлиги 6,1—6,6 мПа-с. Кондан 322 та фаввора бераётган бурғи қудуқларидан газ ва нефть олинмоқда. Бир йилда қарийб 280 млн. т нефть олинади. Нефть ва газ узатувчи қувурлар орқали Рас-Таннура (Форс кўрфази қирғоғи) ва Янбо (Қизил денгиз қирғоғи) портларига жўнатилмоқда. АҚШнинг «Арамко» компанияси томонидан ишлаб чиқарилмоқда.