ГАРВАРД МАКТАБИ

ГАРВАРД МАКТАБИ — Ғарб мамлакатлари сиёсий-иқтисодида 1-жаҳон урушидан сўнг вужудга келган йуналиш. Статистик ва математик тахлил усулларини қўллаган ҳолда иктисодий цикл табиати ва хўжалик конъюнктурасини ўрганиш билан шуғулланган. 1917 йилда АҚШнинг Гарвард ун-ти қошида ташкил этилган Иқтисодий тадқиқотлар қўмитаси теварагида шаклланди. Унинг таниқли вакилларидан бири — У. Митчелл. Г. м. иктисодий тушкунлик кучайган даврда, иктисодий бўҳронларни бартараф этиш воситаларини излаш муҳим муаммога айланган шароитларда юзага келди. 20-а. да Гарвард мактаби қарашлари Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Австрия, Польша каби давлатларда кенг тарқалди (20-й. ларда бу мамлакатларда иқтисодий башорат мақсадларида статистик материалларни ўрганадиган конъюнктура ин-тлари ташкил этилган). Гарвард мактаби объектив иқтисодий қонунларни инкор этишга олиб келадиган «инқирозсиз цикл» ғоясини илгари сурди. Гарвард мактаби карашларига кўра, иқтисодий юксалиш ва инқирозларнинг асосий сабаби пул тизимидаги ўзгаришлар бўлиб, пул тизими фаолиятини тартибга солиш билан иқтисодий инқирозларнинг олдини олиш мумкин.

Ҳоз. Ғарб сиёсий иқтисодиётида Гарвард мактабининг инқирозларни бартараф этиш мумкинлиги, бу мақсадларда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви ва бошқариладиган капитализм назарияси ғоялари кенг ёйилган.