ГАРСИА ЛОРКА

ГАРСИА ЛОРКА (Garcia Lorca) Федерико (1898.5.6, Фуэнтевакерос — 1936.19.8, Гранада яқинида) — испан шоири ва драматурги. Унинг ижоди испан халқ оғзаки ижоди анъаналарини янгича талқин этиш асосида шаклланди. «Қўшиқлар» (1927), «Лўлилар романсероси» (1928) каби асарларида оғир ва фожиали воқеа-ҳодисаларни бошидан кечирган жабрдийда кишиларга, оддий меҳнаткашларга ҳамдўстлик ва хайрихоҳлик туйғулари кучли ва ёрқин акс этган. «Шоир Нью-Йоркда» шеърлар тўплами (1935, нашри 1940), «Ажойиб кавушдўз аёл» пьесаси (1930), «Қонли тўй». (1933), «Иерма» (1934) трагедиялари ва «Бернард Альба уйи» (1936) қахрамонлик драмасида оддий кишиларнинг золимлар зулмига қарши нафрати ифодаланган. Гранада исёнида фашистлар томонидан отиб ўддирилган. Асарлари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган («Испан жандармлари ҳақида романс», «Гитара», «Театр ҳақида сўз», «Чорраҳа», «Чавандоз қўшиғи» ва б.) Ас.:Эт қайғули шодлик. Шеърлар ва достонлар [Испанчадан Шавкат Раҳмон таржимаси], Т., 1989.