ГАНДАМАК ШАРТНОМАСИ

ГАНДАМАК ШАРТНОМАСИ — 1879 й. 26 майда Кобул яқинидаги Гандамак қишлоғида Англия билан Афғонистон ўртасида тузилган тинчлик шартномаси. Гандамак шартномасини Афғонистон амири Ёқубхон б-н Буюк Британия ҳукуматининг вакили Луи Каваньяри имзолаган. Гандамак шартномасига мувофиқ, Афғонистон ташқи сиёсат масаласида мустақил ҳаракат қилишдан маҳрум бўлди; ҳукуматнинг ички сиёсатини Британиянинг Афғонистондаги элчиси белгилайдиган бўлиб қолди. Бундан ташқари Қандаҳор шаҳри, Қуррам, Сиби, Пишин вилоятлари инглиз ҳукмронлиги остига ўтди. Хайбар ва Мичин довонларида инглизлар назорати ўрнатилди.