ЭЙЛАТОН

ЭЙЛАТОН, Шаҳри Хайбар — илк темир даврига оид археологик ёдгорлик (мил. ав. 6—3-асрлар). Андижон вилояти Избоскан туманидаги шу номли қишлоқ ҳудудида жойлашган. Ёдгорлик 1932 йил аникланган бўлиб, шу кунгача Б. А. Латинин, Ю. А. Заднепровский, Т. Г. Ободдуева, С. Кудратовлар археологик қазишмалар ўтказганлар. Текширишларга кўра, Эйлатон майдони 200 га бўлиб, ташқи мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Ташқи Эйлатон атрофидаги дала ва тўқайзорлардаги деҳқонлар ҳамда чорвадорлар учун хавфхатар пайдо бўлганда бир панагоҳ вазифасини бажарган. 20 гектарга тенг бўлган арк майдони ҳам кучли девор билан ҳимояланган. Мудофаа деворлари маълум режа асосида ғишт ва гувалалардан қурилган. Деворларнинг сақланган эни 4 м га, бал. 2,5 м. га боради. Мудофаа деворлари бўйлаб ҳар 55 — 60 м да бурис (мўла) бўлган. Буржлар тўртбурчак шаклда бўлиб (ўлчамлари 10,5×10 м), умумий девордан олдинга чиқиб туради. Бу эса улардан туриб ҳар қандай шароитда шаҳарга ҳужум қилаётган душманни аниқ мўлжалга олишга имкон беради. Уйжойлар пахсадан, баъзида хом ғиштлардан тикланган ва битта оила яшаши учун мўлжалланган. Яшаш хонасидан ташқари ёрдамчи хўжалик мажмуаси: ўралар, майдонлар ва ўчоқлар топилган.

Эйлатонни маълум режа асосида, жуда мукаммал қурилган илк шаҳар ва ўз замонасининг йирик меъморий муҳандислик обидаси дейиш мумкин. Эйлатон ҳунармандлар шаҳри бўлган. Унда кулолчилик, тўқимачилик ва қисман темирчилик ривожланган. Қазишмалар пайтида сопол идишлар пиширадиган 2 хумдон ( 3,3×3,5 м) топилган. Идишлар хиллари, тошқол ва кўплаб сопол идишлар парчаларига қараганда улар кулолчиликда чарҳцан фойдалана бошлаган.

Эйлатон Фарғона водийсида ушбу даврнинг иқтисодий, савдо ва маъмурий бошқарув маркази бўлган.

Боқижон Матбобоев.