ЭБОНИТ

ЭБОНИТ (юн. еЬепоа — қора дарахт) , қаттиқ резина — табиий ёки сунъий каучукни олтингугурт (каучук массасига нисбатан 30—50%) билан вулканизациялашдан ҳосил бўлган маҳсулот. Э. да боғланган олтингугурт 32% га яқин, формуласи (С6Н95)2. Э. қўнғир ёки қора тусли; зичлиги 1140 кг/м3, механик ишловга осон берилади, гигроскопик эмас, газларни сингдирмайди, кислота ва ишқорлар таъсирига чидамли, углерод сульфид ва нефть маҳсулотларида эримайди, парафинда 300° дан юқори трада эрийди. 70 — 80° да юмшайди, совиганда яна қаттиқлашади, 200° дан юқори трада эримай кўмирга айланади.

Эбонит тайёрлаш учун ниҳоятда тоза каучук ишлатилади. Тўлдиргич сифатида Эбонит кукуни, тальк, пемза, оқ қурум ва бошқалар ишлатилади. Қора тусли Эбонитга оз миқдорда (3—5%) қурум қўшилади. Эбонит, асосан, электротехника маҳсулотлари, кислота ва ишқорлар учун идишлар тайёрлашда қўлланади.