ЭББИНГАУЗ

ЭББИНГАУЗ (Эббингхаус) Герман (1850.24.1, Бармен, ҳоз. Вупперталь шаҳри — 1909.26.2, Галле шаҳри) — немис психологи, экспериментал психология вакили. Фехнер тадқиқотларига асосланган ҳолда биринчилардан бўлиб хотира, интеллект сингари юксак билиш жараёнларини экспериментал методлар ёрдамида ўрганган. Кўриш идрокининг ноёб ҳолатлари, болалар ақлий қобилиятини текширишга бағишланган изланишлар олиб борган. Эббингауз номи билан аталадиган тест кашф қилган. Унинг илмий натижалари ўзини ўзи кузатиш психологиянинг ягона услуби деган назарияни пучга чиқарган. Эббингаузнинг асосий хизмати «соф» хотира қонунларини ўрганиш имконини берувчи, тафаккурга боғлиқ бўлмаган нарса ва ҳодисалар тўғрисидаги таассурот изларини эсда олиб қолиш жараёнини тадқиқ этишнинг янги услубини таклиф қилганлигидир. Мантиқий умумлашмалар келтириб чиқаришга алоқаси йўқ, маъносиз бўғинлар (2300 та ундош ва унли)ни қуруқ (механик) ёд олишдан иборат бу услуб Э. га материални эсда олиб қолиш ва унутишнинг «эгри чизиғи» қонунини кашф қилишга; унинг асосий қоидаларини баён этишга ва ана шулар асосида таъсирланиш изларини хотирада сақлаш муддати ҳамда астасекин сўниши қонуниятларини текширишга имкон яратган. Асосий асарлари: «Хотира тўғрисида» (1885), «Интеллект» (1897), «Психология асослари» (1902), «Психология очерки» (1908).