ЭХОЛОТ (эхо ва лот) — гидроакустик сигналлар (акссадо) ёрдамида сув чуқурлигини ўлчаш учун мўлжалланган навигация асбоби. Иши кемага ўрнатилган ультратовуш (УТ) ни узатувчи ва қабул қилувчи қурилма (вибратор) дан узатилган товуш сигналлари сув тубига бориб, қайтиб келгунча ўтган вақтни ўлчашга асосланган. Махсус электр генератор вибраторга дамбадам электр импульсларини юбориб туради, вибратор уларни акустик тебранишлар (товуш)га айлантириб узатади. Сув тубидан қайтган акустик тебранишларни ўша вибраторнинг ўзи қабул қилиб, уларни электр импульсларига ўзгартиради. Кучайган импульслар чуқурлик индикаторига келиб тушади. Бу индикатор импульсларнинг бориб келиши учун кетган вақгни аниқлайди. Бу қийматни махсус формулага қўйиб, сувнинг чуқурлиги топилади. Эхолот лардан сув чуқурлигини ўлчашдан ташқари балиқ тўдаларини топиш, сув ости кемаларининг ўрнини аниқлаш, товуш тарқатувчи қатламларни тадқиқ қилиш, сув ости тупроғининг турини аниқлаш ва бошқалар гидроакустик ўлчашлар учун ҳам фойдаланилади.