ЭХИНОКОКК

ЭХИНОКОКК — тасмасимон чувалчанглар синфига мансуб паразит. Вояга етган даврида йиртқич ҳайвонлар (ит, бўри, чиябўри, мушук) ичагида паразитлик қилади. Уз. 3—6 мм, гавдаси 4 сўрғичли бош, 3—4 бўғимли танадан иборат. Охирги бўғимдаги жинсий органларида тухум ҳужайралар етилади. Тухумлари хўжайини ахлати билан ташқарига чиқарилади. Эхинококк тухумлари ифлосланган емхашак билан оралиқ хўжайин (одам ва ўтхўр ҳайвонлар: сигир, қўй, эчки, чўчқа) ичагига тушганида улардан онкосфера личинкаси чиқади. Личинка ичак деворидан қонга ўтади ва дарвоза венаси орқали жигар, ўпка, мускуллар ва суякларга бориб, пуфаксимон босқич — Э. финнасига айланади. Ҳар бир пуфак деворида яна иккиламчи, сўнгра учламчи пуфаклар ҳосил бўлади. Пуфаклар ичида паразит бошчаси шаклланади. Пуфаклар йириклаша бориб, муштдек ва ундан каттароқ бўлади. Қорамоллар жигаридан 64 кг оғирликдаги эхинококк финнаси топилган. Эхинококк пуфак даврида эхинококкоз касаллигини пайдо қилади.