ЭТРУСКЛАР

ЭТРУСКЛАР (лот. Тива, ўзларини — расна деб аташади) — мил. ав. 1-минг йилликда Апеннин я. о. нинг шим. ғарбида, қадимда Этрурия (ҳоз. Тоскана) деб аталган вилоятда яшаган қадимий қабилалар. Этрусклар — ,Рим маданиятидан аввалги юксақ маданият ижодкорлари. Мил. ав. 7-асрдаёқ Этрускларда ёзув бўлган, 10 мингга яқин қисқа битиклар маълум (қ. Этруск тили). Э. нинг этногенези номаълум. Геродот уларни Лидиядан келиб, умбрлар ерига жойлашган деб ҳисобласа, Гелланик (мил. ав. 5-аср) эгейлик пеласглар тармоғи дейди. Галикарнаслик Дионисий фикрича, улар мамлакатнинг туб аҳолиси бўлган. Мил. ав. 7-асрда Этрускларнинг қалин мудофаа девори билан ўралган шаҳар қалъалари бўлган, улар кейинчалик иқтисодий ва сиёсий марказларга айланган. Уларни шоҳлар идора этган. Этрускларнинг тарквинийлар сулоласи мил. ав. 616—509 йилларда Римни идора қилган. Сентина (мил. ав. 295) ва Вадимон кўли бўйидаги жанг (мил ав. 283)дан сўнг Этруриянинг бутун ҳудуди Римга тобе бўлган. Этрусклар қадимий Италиянинг маданий тараққиётига муҳим ҳисса қўшганлар. Римликлар улардан сиёсий ташкилот тизими хусусиятларини, армия тузилиши ва қуролланиши, давлат мансабдор шахсларининг белгилари (инсигнациялар)ни қабул қилишган; этруск мифологияси ва дини Рим мифологияси ва динига қучли таъсир кўрсатган; юнон ёзуви ҳам уларга Этрусклар орқали ўтганлиги тахмин қилинади.

Фатхулла Эргашев.