ЭТНИК ГУРУҲ — муайян бир халқ (қабила, қабила иттифоқи, элатнинг) нинг парчаланиб алоҳида қисмларга бўлиниб кетиши натижасида вужудга келадиган гуруҳ. Этник гуруҳни қуйидагича изоҳлаш мумкин: ўз халқидан (қабила, элат) ажралиб чиққан гуруҳ ва бошқалар халқлар таркибига кириб, узоқ муддат яшаб, шу халқнинг тили, хўжалик фаолияти, урф-одатлари, турмуш тарзини қабул қилиб, унга батамом сингиб, ўзларини шу халқ этник номи билан атайдиган бўлиб қолади.
Аммо шу билан бирга бу гуруҳ ўз этник номини ўтмишда қайси қабила, элатга мансуб эканлигини, баъзи анъаналарни саклаб қолган бўлади. Мас, қипчоқлар 19-асрнинг 2-ярми — 20-асрнинг бошларида ўзбек халқининг таркибида (ўз лаҳжалари, турмуш тарзи, маданий ҳаётидаги баъзи хусусиятларини сақлаб қолганликлари туфайли) этн. гуруҳ бўлган бўлсалар, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, бошқирд ва бошқалар халқлар таркибида ҳам улар (қипчоқлар) Этник гуруҳ ҳисобланган. Шу сингари қанғли, уйшун ва бошқалар бир қанча бошқа қабилавий номлар ҳам юқорида эслатилган халқлар таркибида мавжуд бўлган. Булар ўз этник номлари билан қайси халқлар ичида бўлсалар, ўша халқ (қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, туркман, бошқирд ва бошқалар) номи билан аталган.
Этник гуруҳ турмуш ва маданиятнинг баъзи жиҳатлари (тили, дини, моддий ва маънавий маданиятини ўзига хос хусусиятлари ва бошқалар)ни сақлаган халқ (миллат) нинг бошқа миллий гуруҳлар билан аралашуви; элатга ўзининг айрим муҳим белгиларини сақлаган ҳолда қўшилиши натижасида, шунингдек, халқнинг бир қисми асосий этник ҳудуддан узоқ вақт узилиб қолиши оқибатида янги табиий географик шароитга тушиши натижасида хўжалик ва маданий ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши билан вужудга келади.
Ад.: Шониёзов К., Ўзбек халқининг шаклланиш жараёни, Т., 2001.