ЭТИКА (юн. егпоз — хулқ, одат) — ахлоқ ва унинг шахс ҳамда жамият ҳаётидаги ўрнини ўрганувчи фалсафий фан. Э. ахлоқшуносликнинг фалсафийназарий муаммоларини ва ахлоққа доир дидактикамалий асарларни ўз ичига олади. У инсоният ўз тажрибаси орқали эришган донишмандлик намуналарини ҳикоятлар, ҳикматлар, нақллар, мақоллар тарзида баён этади, кишиларга ахлоқнинг моҳиятини тушунтириб, фалсафий хулосалар чиқаради, уларга ахлоқий қонунқоидаларни ўргатади.
Этиканинг қуйидаги мезоний тушунчалари — категориялари бор: фазилат ва иллат, яхшилик ва ёмонлик, ҳалоллик, ростгўйлик, камтарлик, адолат, бурч, виждон, номус, идеал, бахт, ҳаётнинг маъноси ва бошқалар Ахлоқ инсон ва жамият ҳаётининг барча (шахсий, жамоавий, касбий ва ҳ. к.) жабҳаларини қамраб олганлиги туфайли уни ўрганувчи Этика барча фанлар билан алоқадор. Айниқса, унинг маънавият тизимидаги фанларга таъсири катта. Этиканинг эстетика билан боғлиқлиги санъат воситасида рўй беради; ҳар бир санъат асарида ахлоқнинг долзарб муаммолари кўтарилади, санъаткор ўз даври ахлоқий даражасини ва унга муносабатини бадиий қиёфалар орқали бевосита ёхуд билвосита акс эттиради. Демак, эстетика ўрганаётган ҳар бир бадиий асар айни пайтда Этика нуқтаи назаридан ҳам тадқиқ этилаётган бўлади. Этиканинг диншунослик билан муносабати ҳар иккала фаннинг ахлоқий мезонлар муаммосини ҳал этишга қаратилгани билан боғлиқ. Бунда дин — восита, ахлоқ — мақсад тарзида намоён бўлади. Ҳар бир диннинг муқаддас китоби худонинг бандаларини ҳам эътиқодий, ҳам ахлоқий инсонлар қилиб тарбиялашга йўналтирилган. Шунингдек, комил инсон муаммоси ҳар иккала фан учун умумий ҳисобланади; фарқ шундаки, Этика бу муаммога замонавий тарбия нуктаи назаридан ёндашади. Этика ҳуқуқшунослик билан чамбарчас боғлиқ; кўп ҳолларда ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар моҳиятан бир хил бўлади, улар фақат ёндашувда — санкцияларнинг жорий этилишидаги усул орқали фарқланади. Шунга кўра, ахлоқни жамоатчилик асосидаги ҳуқуқ, ҳуқуқни эса қонунийлаштирилган ахлоқ деб аташ мумкин. Этиканинг ҳуқуқшунос одоби деб аталган махсус соҳаси ҳам мавжуд. Этика ўзининг назарий ва айниқса, амалий жиҳатлари билан пед. фанининг асоси ҳисобланади; таълим тизимидаги таълимтарбия ўзини ҳар қадамда ахлоқий тарбия сифатида намоён қилади. Шунингдек, Этика психология, социология, сиёсатшунослик, экология каби қатор фанлар билан ҳам мустаҳкам алоқадор, улар муаммоларини ҳал қилишда ахлоқий нуқтаи назар, ахлоқшунослик назариялари муҳим аҳамиятга эга.
Этикага доир дастлабки тушунчалар шумерликларнинг «Ме» қонунлар мажмуида учрайди. Ундаги «намлул» тушунчаси инсонпарварлик, эзгулик маъноларини англатган. Бобил подшоси Хаммурапи қонунларида, «Пхатотен ўгитлари», «Миср маййитлар китоби», Авесто каби қадимий ёдгорликларда ахлоқий тамойиллар ва меъёрлар қонунлар, эътиқодий даъватлар шаклида берилган; Ҳиндистоннинг «Мануқонунлари», «Дҳаммапада», «Патанжали» каби ёдгорликларида эса панднома ва ҳикмат усули устувор. қадимий Хитой даочидонишмандлари инсонни табиатнинг бир қисми сифатида олиб қарайдилар ва унинг вазифаси фазилат йўлидан бориш эканини, барча ёвузликлар, бахтсизликлар инсоннинг табиат жорий этган қонунлардан чекиниши оқибати эканини таъкидлайдилар. Конфуций ва унинг издошлари фазилат эгаси бўлишни урф-одатларга сўзсиз бўйсунишда кўрадилар. қадимий Шарқдаги, хусусан, Миср ва Ҳиндистондаги ахлоқий ғоялар, қарашлар антик давр эстетикасига илмийназарий асос бўлди; юнон мутафаккирлари Сократ ва Платон қарашларида илоҳийлик ахлоқнинг асоси, инсонга ахлоқийлик азалдан берилганлиги таъкидланса, Аристотель инсон камолотга билиш фаолияти, воқеликка фаол муносабати орқали, ҳирсу эҳтирослар устидан ҳукмронлик қила олиши туфайли эришади, дейди. Цицерон, Сенека, Эпиктет сингари қадимий Рим ахлоқшуносларининг қарашларида эса қуллик, эрк, ҳаётнинг маъноси, бахт муаммолари ўртага ташланади. Ўрта асрлар Этикасида қадимги Шарқ мутафаккирлари (Розий, Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушд) асарлари ва фикҳий тасаввуфий йўналишларда Абу Лайс Самарқандий, Ғаззолий, Румий, Азизиддин Насафий, Навоий, Кошифий томонидан ёзилган китоблар Этика тараққиётига катта ҳисса бўлиб қўшилди; Уйғониш даври файласуфлари ўз ахлоқий қарашларида улардан самарали фойдаландилар (Валла, Монтень). Бу таъсирни янги давр ахлоқшунослигида ҳам яққол сезиш мумкин; Гоббс, Спиноза, Гельвеций, Гольбах, Руссо каби маърифатчилар ахлоқнинг шахс ва жамият ҳаётидаги ўрнига, демократик ўзгаришларнинг ахлоқий илдизларига эътиборни қаратдилар. Бу даврда немис мумтоз ахлоқшунослиги алоҳида аҳамиятга эга бўдди; у бир томондан рационал назарияларни (Кант, Шиллер, Фихте, Шеллинг, Гегель, Фейербах), 2томондан, норационал қарашларни (Кьеркегор, Шопенгауэр, Ницше) ўртага ташлади; Кант бурчга асосланган императив (қатъий амр) ғоясини илгари сурди, Гегель ахлоқнинг миқёсийлигини, ҳуқуқнинг асоси, жамиятнинг қони ва жони эканини, Фейербах ахлоқий хаттиҳаракатларда ҳиссиётнинг, айниқса, муҳаббат ҳиссининг аҳамиятини таъкидладилар. Норационал йўналиш тарафдорлари инсонни тушунчалар (ақл) ёрдамида билиш мумкин эмаслигини, ёвузликнинг эзгуликдан ғолиб келаётганлиги ахлоқсизликни ахлоқий ниқоб билан беркитишга доимий уриниш билан боғлиқлигига, инсон ихтиёр исканжасида, манфаат ва ҳукмронлик йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган жонзотга айланиб бораётганига диққатни қаратдилар. 19-асрнинг 2-ярми — 20-аср бошларидаги рус мумтоз ахлоқшунослиги ахлоқийликни динийлик билан яхлитликда олиб қаради (В. Соловьёв, Ф. Достоевский, Н. Бердяев, Б. Вишеславцев), эзгулик билан ёвузликнинг диалектик алоқадорлиги масаласини ўртага ташлади. Этик тафаккурлар тарихида ахлоқ табиати ҳақидаги турли таълимотлар вужудга келган (қ. гедонизм, эвдемонизм, утилитаризм). Ҳоз. пайтда ғайризўравонлик ахлоқшунослиги (Ганди, Кинг, Шарп, Гусейнов) муҳим аҳамиятга эга. У ёвузликка қарши зўравонлик ишлатмасдан курашишни тавсия этади — террор қилиш, қон тўкиш, исён кўтариш билан эмас, муҳаббат, кечиримлилик, юксак ахлоқийлик, эзгу ихтиёр ва ирода воситасида иш тутиш лозим. Шунингдек, бугунги кунда ҳаётга эҳтиром ёки универсал Этика (А. Швейцер), янги тасаввуф Э. си (М. Қутқу, М. Жўшон) инсоният олдига долзарб ахлокий вазифаларни қўймоқда. Ҳаётга эҳтиром инсондан мавжудликдаги ҳар бир жонзотга — ўсимликка ҳам, ҳайвонларга ҳам ўз ҳаёти каби олий қадрият деб қарашни талаб этса, янги тасаввуф ахлоқшунослиги индустриал жамиятда нафсга қарши курашишнинг муҳимлигини исботлаб беради.
Эндиликда Этика олдида қатор глобал муаммолар турибди; инсоният ҳозир ноосфера (техникавий муҳит)да яшаб, биосфера (биологик муҳит)дан тобора узоқлашиб бормоқда, инсон тафаккури вужудга келтирган фантехника тараққиёти эндиликда инсоннинг ўзига, унинг мавжудлигига қарши хавф сифатида ҳам майдонга чиқмоқда: атом, водород, нейтрон бомбаларнинг, ядровий каллакли баллистик ракеталарнинг яратилиши, оламий океаннинг, ер ости ва ер усти сувларининг заҳарланиши каби ҳодисалар экологик тозаликдан ҳам кўра ахлоқий покликни талаб қилмоқда. Клонлаштириш, бир инсон аъзосини бошқа инсонга кўчириб ўтказиш, эвтаназия (беморнинг ўз ўлимини. тезлаштириш тўғрисидаги илтимосини қондириш) ва бошқалар муаммолар ҳам ахлоқий аралашувга муҳтож.
Ўзбек миллий Этикаси бошқа фалсафий фанлар каби минтақавий табиатга эга бўлиб, унинг илдизлари Авестот бориб тақалади. Авестода илгари сурилган 3 фазилат — эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал яхлитлигидан иборат ахлоқий ғоя барча даврлар ўзбек Этикаси учун умумий тадқиқий асос бўлиб келди. Тасаввуфий Этикада мазкур яхлитлик 4 фазилат яхлитлиги (эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал ва маърифат) шаклида намоён бўлди (Азизиддин Насафий, Кошифий). Нақшбандия тариқати ахлоқшунослигида эса асосий эътибор инсоннинг замон ва макондаги ролига, ахлоқий хаттиҳаракатнинг замон эҳтиёжларини ҳисобга олиши, илоҳий ва инсоний фазилатларнинг уйғунлиги масаласига қаратилди (Баҳоуддин Яақшбанд, Алишер Навоий). Ўрта асрлар ўзбек Этикасида назарий фикрлар билан панднома усулидаги ҳикоятлар омухталиги кўзга ташланади (Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Яссавий, Пошшохожа). Бу жиҳатдан темурийлар давридаги пандномалар, айниқса, Навоийнинг «Маҳбуб улқулуб» асари ноёб ҳисобланади. Кейинги даврлардаги энг эътиборли панднома Гулханийшшт «Зарбулмасал» асаридир. Жадидчилик ҳаракати даврида ахлоқшуносликка эътибор янада кучайди; жадидлар миллий озодликка эришиш йўлини халқ ахлоқий даражасини ва маърифатни юксалтиришда кўрдилар; Анбар Отиннинг «Қаролар фалсафаси», Авлонийштг «Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ», Фитратнит «Нажот йўли», «Оила» асарларида шахс ахлоқий ҳаётининг жамият тараққиётига таъсири, янгича турмуш тарзининг ахлоқийлик билан боғлиқлиги масалалари кўтарилди. Ахлоқийликни синфийлик ва партиявийлик каби тамойилларга бўйсундирган шўролар даври Этикаси сохта фан сифатида ўз вазифасини ўтай олмади. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, кечмиш ахлоқий қадриятлари, анъанавий урф-одатлар, миллий ва ахлоқий тамойил ҳамда меъёрлар жамиятда ўз ўрнини эгаллагач, Этика фани ҳам тараққиёт йўлига кирди, Этика тарихи ва назариясига доир йирик тадқиқотлар эълон қилинди (Й. Жумабоев, Этика Юсупов). Ўзбекистон миллий унтида этика ва эстетика кафедраси мавжуд; барча олий ўқув юртларида Этика фани ўқитилади. Ҳоз. пайтда олимлар (Х. Шайхова, А. Шер, Ф. Загритдинова, М. Маҳмуд ва бошқалар) Этика тарихи ва назариясининг долзарб муаммоларига доир янги тадқиқотлар олиб бормоқда.
ЛЛ. Аристотель, Никомаховаэтика(соч. в 4х т., т. 4), М., 1983; Н авои й А., Маҳбуб улқулуб (Мукаммал асарлар тўплами, 20 ж. ли, 14ж.), Т., 1998; Форобий, Фозил одамлар шаҳри, Т., 1993; Авлоний А., Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ, Т., 1992; Жум а б о е в йил, Ўзбекистонда фалсафа ва ахлоқий фикрлар тараққиёти тарихидан, Т., 1997: Юсупов Этика, Инсон камолотининг маънавий асослари, Т., 1998; Загритдинова Ф ., Некоторне проблемн биомедицинской этики, Т., 2005.
Абдулла Шер.