ЭТАТИЗМ (франц. — давлат) — давлатни жамият тараққиётининг юқори натижаси ва мақсади ҳамда ўз навбатида, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишнинг асосий, ҳал қилувчи омили деб ҳисобловчи ижтимоий тафаккур йўналиши. «Этатизм» терминини швейцариялик сиёсатшунос Н. Дро 19-асрда қўллаган. Этатизм иқтисодий ва сиёсий ҳокимиятнинг ўта марказлашиши ва бюрократлашишини, давлатнинг жамият ҳаётининг барча соҳалари (иқтисодий, ижтимоий, маданий ва ҳ. к.) да зўравонлигини англатади. Этатистик мафкуранинг эркинлашув ва демократияга қарши характери давлатнинг авторитар, тоталитар ва фашистик шаклларида яққол намоён бўлади. 20-асрнинг 30-й. ларида Туркияда Этатизм миллий иктисодиётнинг реал модели сифатида расман тан олинган эди. Туркия Республикасининг 1президенти М. К. Отатурк Э. сиёсатини эълон қилган ва бу сиёсат мамлакатнинг 1937 йилги конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Турли мамлакатларнинг иқтисодий тизимлари ўз тараққиётининг айрим даврларида амалда этатистик моделга муайян даражада яқинлашган. Унинг асосий белгилари фашистлар Германияси сингари тоталитар давлатларда амалга оширилган. СССР, Шарқий Европа, шунингдек, ЖанубиШарқий Осиё ва Лотин Америкаси мамлакатларида давлат иктисодиёти аслида этатистик иқтисодиёт бўлган эди. Иқтисодиёт этатистик моделининг самарасизлиги СССР ва Шарқий Европа мамлакатлари иктисодиётининг синишида айниқса яққол кўзга ташланди.