ЭСТЕТИКА

ЭСТЕТИКА (юн. — ҳис қилувчи, ҳиссий тарбияга доир) — инсон билан дунё ўртасидаги қадрият муносабатининг ўзига хос томонларини ва кишиларнинг бадиий фаолияти соҳасини ўрганувчи фалсафий фан. «Эстетика» терминини немис файласуфи А. Баумгартен (1714—62) илмий муомалага киритган. Эстетиканинг синоними сифатида гўзаллик фалсафаси, санъат фалсафаси, бадиий ижод фалсафаси иборалари қўлланиб келинган. Кейинги пайтларда нафоеатшунослик ёки нафосат фалсафаси атамалари ҳам Эстетикани англатадиган бўлди. Эстетика ўз ичига санъат Эстетикаси, табиат Э. си, техника Э. си, дизайн, спорт Э. си, турмуш Эстетикаси, атроф муҳитни гўзаллаштириш ва бошқалар соҳаларни қамраб олади.

Эстетика нафосат, дид, гўзаллик, хунуклик, улуғворлик, тубанлик, фожиавийлик, кулгилилик, мўъжизавийлик, ҳаёлилик сингари категориялар билан иш кўради. Улар орасида нафосат тушунчаси алоҳида ўрин эгаллайди. У бир томондан, эстетик англашнинг барча жиҳатларини (эстетик ҳиссиёт, эстетик завқ, эстетик дид, эстетик муҳокама ва бошқалар), иккинчи томондан, эстетик хусусиятларни — амалдаги гўзаллик, улуғворлик, фожиавийлик, кулгилилик ва ҳ. к. жиҳатларни ўз ичига олади. Ана шу кейинги жиҳати билан нафосат баъзан Эстетиканинг предмети сифатида ҳам қабул қилинади.

Эстетиканинг тадқиқот объектлари ичида санъат алоҳида ўринни эгаллайди, у қадимдан то ҳоз. кунгача энг кўп тадқиқ этилган эстетик соҳа ҳисобланади. Эстетиканинг бу борада санъатшунослик фанларидан фарқи шундаки, у ўз объектига фалсафийназарий жиҳатдан ёндашади. Эстетика санъатни — санъаткор, санъат асари, санъат асарини идрок этувчи шахсдан иборат яхлит тизимда олиб ўрганади, барча санъат турлари учун зарур бўлган умумий қонунқоидаларни ишлаб чиқади. Мас, адабиётшуносликдатч қофия назариясини мусиқага ёки ҳайкалтарошликка нисбатан қўллаб бўлмайди. Эстетика даги композиция ёки услуб назарияси эса меъморликдан тортиб бадиий сураткашликкача бўлган ҳамма санъат турларига тааллуклидир. Айни пайтда Эстетика санъатнинг табиати, унинг ижодийлиги ва бошқалар жиҳатларини тадқиқ этади; бадиий оқимлар ва йўналишларнинг, ижодий услубларнинг моҳиятини ўрганади.

Эстетика фалсафий илм сифатида кўплаб ижтимоий ва табиий фанлар билан алоқадордир. Унинг этика билан алоқаси алоҳида диққатга сазовор. Бу иккала фаннинг ўзаро яқинлиги, аввало, инсон хатти-ҳаракатининг кўп ҳолларда ҳам ахлоқийлик, ҳам нафосат уйғунлигидан иборат эканлигида; 2дан, Эстетиканинг асосий тадқиқот объекти бўлмиш санъат моҳиятан эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашнинг бадиий инъикоси сифатида доимо долзарб ахлоқий муаммоларни кўтариб чиқади; 3дан, Эстетиканинг баъзи тушунчалари этика учун ҳам бирдек хизмат қилади; 4дан, Эстетика ўрганадиган хулқий гўзаллик соҳаси ахлоқ билан бевосита боғлиқ. Айни пайтда иккала фан бир-бирига жуда ўхшаш экан деган таассурот туғилмаслиги керак. Эстетика ҳар бир объектга аниқ, муайян ёндашувни талаб қилади, этика эса ҳамма учун умумий бўлган қонунқоидаларни, ҳикматларни ишлаб чиқади. Эстетиканинг психология билан алоқаси ҳам жуда муҳим: ҳар иккала фан руҳий ҳолатларни ўрганади. Ҳар иккала фан учун умумий бўлган санъат психологияси ва бадиий ижод психологияси деган махсус йўналишлар мавжуд. Эстетика ва социологиянинг ўзаро муносабатларида санъатни ҳамкорликда ўрганиш масалалари муҳим. Санъат асари алоҳида инсон шахсига эътибор қилгани ҳолда, жамиятни ижтимоий муносабатлар тизими, ижтимоий тузилма сифатида бадиий тадқиқ этади, айни пайтда социологик тадқиқотлар учун ўзига хос материал бўлиб хизмат қилади; социология жамият билан санъатнинг ўзаро алоқаларини, санъатнинг ижтимоий вазифаларини; санъаткорнинг жамиятдаги ўрни, мавқеи, китобхон ва томошабинларнинг ижтимоийдемографик ҳолатларини; шахс ижтимоийлашувида санъатлар ва санъат асарининг аҳамиятини таҳлил қилади. Мазкур муаммоларни ўрганиш учун Эстетика ва санъат социологияси соҳаси мавжуд. Эстетиканинг диншунослик билан алоқаси ҳам катта аҳамиятга эга; дин ва санъат доимо бир-бирини тўлдириб келади, кўп ҳолларда бири бошқаси учун яшаш шарти бўлиб хизмат қилади. Асрлар мобайнида, ана шу алоқалар натижаси ўлароқ, санъат асарининг ўзига хос кўриниши — динийбадиий асар вужудга келди. Мас, Шоҳизинда меъморий мажмуи, Кёльн жомеси, Рембрандтнинг «Муқаддас оила» асари, «Абу Муслим жангномаси» қиссаси ва бошқалар Эстетика бундай асарларни тадқиқ этар экан, албатта, диншунослик фани билан ҳамкорлик қилади. Эстетиканинг педагогика билан боғлиқлиги эстетик тарбия масалаларига бориб тақалади; пед. ҳам эстетик тарбия билан шуғулланади. Лекин у алоҳидаалоҳида, мустақил қисмларга бўлинган ҳолда, турли ёш ва соҳалар учунмахсус белгиланган тарбия тарзида олиб борилади. Мас, мактабгача тарбия, ўқувчилар тарбияси, жисмоний тарбия ва ҳ. к. Э. эса нафосат тарбиясининг умумий қонунқоидаларини ишлаб чиқади — инсон туғилганидан бошлаб, то ўлимигача ўтадиган умр босқичлари учун тааллуқли бўлган тарбия фалсафаси сифатида иш кўради. Эстетиканинг семиотика (белгилар ва белгилар тизимлари ҳақидаги фан) билан алоқадорлиги кейинги пайтларда янада теранроқ тадқиқ этилмоқда. Маълумки, ҳар бир санъат асарининг мазмунмоҳияти муайян белгилар воситасида намоён бўлади, яъни билиш ва баҳолаш натижалари бўлмиш семиотик ҳамда прагматик ахборотни ўзида мужассам қилган санъат асари ўша ахборотни етказиб беришга ҳам мўлжалланган; у санъат турига қараб турлича белгилар — ҳарфлар, чизиқлар, ноталар ва ҳ. к. орқали амалга оширилади. Санъатнинг семиотик белгилар билан боғлиқ ана шу томонларини — коммуникативвоситачилик жиҳатларини семиотика ўрганади; бу борада алоҳида тузилмасемиотик деб номланган назарий ёндашув ҳам мавжуд. Шунингдек, Эстетика барча санъатшунослик фанлари ҳамда табиат Эстетикаси нуқтаи назаридан экология, ахборот назарияси жиҳатидан кибернетика билан алоқадорликда иш кўради.

Эстетика тарихининг ибтидоси Сомир (Шумер), Бобил, қадимий Миср, қадимий Хитой ва кейинроқ юнон мифларига бориб тақалади. Бундан 5—6 минг йил аввал илк ёзув — мих хатда битилган Сомир гилтахталаридаги матнларда «гўзаллик», «санъат», «мусиқа» сингари сўзларда акс этган. дастлабки эстетик тушунчаларни учратиш мумкин. қадимий Мисрда милоддан 4—4,5 минг йил аввал санъатнинг барча асосий турлари, сал кейинроқ эса профессионал театр вужудга келди. Зардуштийлик динининг муқаддас китоби Авестош илгари сурилган эстетик ғоялар кейинчалик Ҳиндистонда, ундан сўнг Юнонистонда Эстетика ривожига таъсир кўрсатди. қадимий Шаркдаги эстетик ғоялар дастлаб фойдалилик (нима фойдали бўлса — ўша гўзал), кейинроқ ахлоқийлик (нима эзгу бўлса — ўша гўзал) тамойиллари асосида шаклланди. Юнон мумтоз Эстетикаси намояндалари, айниқса, Аристотель гўзалликнинг фойдалиликдан ва эзгуликдан алоҳида ҳолда мавжуд бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди; бу жиҳатдан унинг «Поэтика» («Шеърият санъати») асари эътиборга молик. Ўрта асрларда мусулмон шарқи тасаввуф Э. си бу ғояларни такомилига етказиб, янги босқичга кўтарди; Уйғониш даври ва Янги давр Э. си тараққиёти учун назарий асос бўлиб хизмат қилди. Э. Бёрк, Д. Юм, И. Кант ва бошқалар меросида буни яққол кўриш мумкин. Мас, Кантнинг гўзаллик ҳақидаги машҳур 4 тамойилидан 3 таси шарқ файласуфлари назариялари асосига қурилган. Мазкур 3 тамойил — гўзалликнинг беғараз манфаатсиз муносабатга асосланганлиги; унинг заруратга айланган муҳаббатнинг объекти эканлиги (Ғазолий); гўзалликни оддий мантиқий ёндашув орқали билишимиз мумкин эмаслиги (Форобий) Кантни, гўзаллик биз учун ўзини мақсад шаклида эмас, мақсадга мувофиқлик шаклида намоён этади деган 4тамойилни яратишга олиб келди. Кантдан сўнг немис рационал Эстетикасида Шиллер, Шеллинг, Гегель назарияларининг Эстетика тараққиёти учун аҳамияти катта бўлди. Шопенгауэр, Ницше, Дильтей сингари норационал йўналишдаги файласуфларнинг эстетик қарашларида ҳам ўзига хос янги ғоялар илгари сурилди, мас, Шопенгауэр Э. га янги — «қизиқарлилик» категориясини киритди, Ницше эса санъатни икки — аполлонча ва дионисийча турга ажратиб ўрганишни таклиф этди. Энг янги давр Эстетикасида, З. Фрейд, айниқса, К. Юнг таълимотида санъат асари ва санъаткорнинг ўзаро муносабатларини руҳий типлар асосида ўрганилиши олға ташланган янги қадам бўлди. Шунингдек, Ж. П. Сартр, А. Камю, Г. Марсель, X. Ортега и Гасет ва бошқалар мутафаккирлар индустриал жамиятда гўзаллик ва санъатнинг такдири масалалари билан қизиқдилар. Ҳоз. Эстетиканинг миқёсийлашув жараёнида техника, табиат ва турмуш Эстетика сига ҳам жиддий эътибор берилмоқда; хулқий гўзаллик муаммоси янада муҳим ўрин эгаллай бошлади.

Ўзбек миллий Эстетикаси тараққиёти тарихан минтақавий табиатга эга бўлиб, унинг илдизлари дастлаб Авесто, кейин монийликнинг муқаддас китоби Хуастуанифт (За.)га бориб тақалади. Ислом дини қабул қилингач, миллийминтақавий Э. Қуръони карим оятлари ва Ҳадиси шарифдаги «Аллоҳ гўзал ва У гўзалликни севади» деган тамойил асосида ривожланди. Бунда машшоиййунлик (Форобий, Ибн Сино) билан ёнмаён тасаввуф Эстетикасида кубровийлик (Нажмиддин Кубро). жўмардлик (Паҳлавон Маҳмуд), нақшбандия (Алишер Навоий) сингари тариқат мутафаккирларининг гўзаллик, санъат ва санъаткор борасидаги қарашлари муҳим аҳамият касб этди. Ўзбек Эстетикаси тарихида, айниқса, Темурийлар даври алоҳида ўринга эга; Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», «Мажолис уннафоис», «Мезон улавзон» асарлари, 15—16-асрларда қатор тазкиралар ва мусиқа назарияси борасидаги рисолалар ўзбек Эстетикаси ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилди. ХонликЛар ва чоризм мустамлакаси даврида эса ўзбек Эстетикаси кўпроқ тазкираларда (Фазлий) ва шеърий шаклларда (Фурқат) ўз ифодасини топди. Ўзбек миллий Эстетика сидаги юксалиш 19-аср охирлари — 20-аср бошларига тўғри келади. Бу даврда маърифатчижадид мутафаккирлар янгича эстетик ғояларни ўртага ташладилар, бадиий адабиётда, драматургия жанрига ва замонавий театр санъатига асос солдилар. Анбар Отиннинг «Қаролар фалсафаси» (1910), Фитратнинг «Оила» (1914), кейинроқ «Адабиёт қоидалари» (1926) рисолалари юзага келди, Чўлпоннинг бадиий адабиёт, театр санъатига бағишланган турқум мақолалари эълон қилинди. Лекин шўролар ҳукмронлиги давридаги тоталитаризм барча фалсафий фанлар қатори Эстетикани ҳам синфийлик ва партиявийлик тамойиллари асосида бирёқчамаликка, маҳдудликка, сохталикка маҳкум қилди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Эстетикага алоҳида эътибор берила бошланди, эстетик маданият (М. Нурматов, М. Абдуллаев), эстетик қадриятлар (Т. Маҳмудов) борасида йирик тадқиқотлар эълон қилинди. Ҳоз. вақтда Эстетика назарияси ва тарихига доир жиддий изланишлар олиб борилмоқда (Т. Маҳмудов, А. Қурбонмамадов, Э. Умаров, А. Шер, Б. Ҳусанов). Ўзбекистон миллий ун~тида Эстетика йўналиши бўйича магистратура фаолият кўрсатмоқда, шу йўналишда аспирантура ва докторантура мавжуд. Мамлакатимизда фуқароларнинг эстетик тарбиясига тааллуқти турли тадбирлар, уларнинг эстетик дидини юксалтиришга қаратилган маънавиймаърифий ишлар мунтазам олиб борилади.

Ад.: Аристотел ь, Поэтика, Т., 1981; Маҳмудов Т., Гўзаллик ва ҳаёт. Т, 1974; Нурматов М., Танқид ва эстетика, Т, 1976; Махмудов Т., Эстетика и духовнме ценности, Т, 1993.

Абдулла Шер.