ЭСОН ДАВЛАТ БЕГИМ (? 1505) — Мўғулистон (Еттисув ва ТяньШань), кейинчалик Тошкент ва Сайрам ҳокими Юнусхон (1415—87)н’инг хотини. Оқила, доно ва меҳрибон Эсон Давлат Бегим салтанатни бошқаришда фаол қатнашган. У Юнусхондан 3 қиз кўрган. Тўнғич қизи Меҳр Нигорхоним Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзо ибн Султон Абусаид мирзога узатилган, фарзанд кўрмаган. Иккинчи қизи Қутлуғ Нигорхоним (? — 1505/06, Кобул) 1475 йил Умаршайх Мирзота турмушга берилган. Ундан бир қиз (Хонзода бегим) ва бир ўғил (Бобур) кўрган. Кенжа қизи Хуб Нигорхоним 1494 йил Тошкентда 10 йил давомида кўҳна Уструшона (Ўратепа) га ҳокимлик қилган Муҳаммад Ҳусайн кўрагонга никоҳ қилинган. Хўб Нигорхоним 2 қиз ва 2 ўғил қўради. Тўнғич ўғли Муҳаммад Ҳайдар мирзо «Тарихи Рашидий» асарининг муаллифи тарзида шуҳрат топган.
Бобур Самарқандни Шайбонийхонта ташлаб чиққанда (1501) Эсон Давлат Бегим шаҳарда бир муддат қолиб, кейин Бобур ҳузурига қариндошуруглари билан келган. Бобурнинг ёзишича, Андижон атрофида Эсон Давлат Бегимнинг боғи бўлиб у Қўштегирмон деб аталган.
Ад.: Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобурнома, Т., 1960; Мирза Муҳаммад Хайдар, Тарихи Рашиди, Т., 1996.