ЭСКИМОС ТИЛИ — палеоосиё тилларининг эскимосалеут гуруҳига мансуб тил; РФда Чукот мухтор округида ва Магадан вилоятининг жан. шарқида, АҚШда Аляска ярим ороли ва унга яқин оролларда, Канада ва Гренландиянинг шим. ҳудудларида тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 115 минг (АҚШда — 38 минг, Канадада — 28 минг, Гренландияда — 47 минг, РФда — 1,5 минг) кишидан иборат. Эскимос тили Гренландияда орол мухториятининг тили, қолган мамлакатларда эса оддий сўзлашув тили ҳисобланади. Бир қанча белгиларига қўра ўз қариндоши — алеут тилидан кескин фарқ қилади. Умуман Эскимос тилида 2 та — юит ва инуит лаҳжалари, РФдаги Эскимос тилида 3 та — чаплин, наукан, сиреник лаҳжалари ажратилади. Кўп асрлар мобайнида эскимосларнинг маълум ҳудудлар доирасидагина ажралиб яшаши туфайли Эскимос тилининг бир қатор лаҳжалари мустақил тил белгиларига эга бўлган.
Эскимос ёзуви биринчи марта Гренландияда 19-аср ўрталарида (лотин графикаси асосида), РФда 20-асрнинг 30-й. ларида (1932—37 йилларда лотин графикаси, 1937 йилдан рус графикаси асосида), АҚШ ва Канадада 20-асрнинг 70-й. ларида (лотин графикаси асосида) шаклланган.