ЭШИТУВ-МУВОЗАНАТ НЕРВИ

ЭШИТУВ-МУВОЗАНАТ НЕРВИ — бош мия нервларининг 8-жуфти. Икки функционал — вестибуляр аппарат (мувозанат аъзосидан импульсларни узатувчи) ва чиғаноқ (товушни қабул қилувчи) қисмдан иборат (қ. Қулоқ). Вестибуляр қисм ички эшитиш йўлининг тагида ётувчи даҳлиз тугунчасидан, чиғаноқ қисм эса чиғаноқнинг суяк пластинкаси асосигача борувчи спираль тугунчадан бошланади. Эшитув-мувозанат нервининг чиғаноқ қисм толалари зарарланса (инфекцион ёки шикастланиш туфайли), эшитиш қобилиятига (кар бўлишгача) зиён етади, вестибуляр аппарат зарарланса, мувозанат бузилиши ва бош айланиши кузатилади.