ЭШИТИШ АППАРАТЛАРИ

ЭШИТИШ АППАРАТЛАРИ — товушни кучайтириб берадиган асбоблар. Эшитиш пасайганда, карликда ишлатилади (қ. Карлик). Ҳоз. замон Э. а. товушни қучайтириб беришга асосланган. Эшитиш аппаратлари микрофон, товуш кучайтиргич ва телефондан иборат. Товушни бевосита суяк орқали ўтказиб бериш учун қулоқ орқасига телефон ёки товушни ҳаво орқали ўтказиб бериш учун ташқи эшитув йўлига махсус мослама тиқиб қўйилади. Эшитув аъзосининг товуш қабул қилувчи ёки товушни ўтказиб берувчи қисми зарарланганига қараб, унга лойиқ Эшитиш аппаратлари буюрилади. Эшитиш аппаратларининг қўзойнакка ўхшаш, шунингдек, чўнтакда турадиган хиллари бор. Э. а. дан фойдаланганда кўпинча эшитиш, хусусан, нутқ бир қадар яхшиланади.

Бу аппарат нутқнигина эмас, балки бинодаги бошқа товушларни ҳам қўшиб қучайтиради. Шунинг учун қулоғи оғир бемор ўзи учун янги бўлиб туюлган товуш шароитига бирданига қўника олмайди. Эшитиш аппаратларига ўрганган киши нутқни бегона товушлардан ажратиб, яхши қабул қилади, баланд товушларга чидами ортади. Бемор тавсия этилган бир нечта машқларни бажарганидан кейингина Эшитиш аппаратларидан фойдаланиши мумкин. Машқ аввал тинч хонада ёлғиз бир киши билан, кейин шовқинли ерда, сўнгра эса кўпчилик орасида гаплашиб ўтказилади. Эшитиш аппаратлари техник жиҳатдан носоз бўлиб, нутққа бегона шовқинлар қўшилиб кетса ёки қитирласа, бунда бемор тез толиқади, қулоғи шанғиллайди, боши оғрийди. Эшитиш аппаратлари оториноларинголог (ЛОР) врач тавсияси билан махсус эшитув протези тайёрлаш здларида танланади.