ЭРТЎҒРУЛ (тахм. 11911281) ҳарбий саркарда, ўғузларнинг қай (қайиғ) уруғидан, усмонлилар сулоласи бобокалони. 13-асрнинг 20-й. лари — мўғуллар истилоси даврида Эртўғрул ўз уруғдошлари билан Мовароуннаҳр ва Хуросондан Кичик Осиёга келиб ўрнашган. Бу пайтда Кичик Осиёдаги Салжуқийлар давлати бир-биридан мустақил 12 та беклик (бейлик)ка ажралиб кетган эди. Ана шундай бекликлардан бири Кичик Осиёнинг шим. ғарбий қисмида — Кўния султонлиги ҳудудида ташкил топган бўлиб, бу бекликнинг асосчиси Эртўғрул ҳисобланган. У чегара ҳудудларида хизмат қилган ва салжуқийлардан иқто сифатида мазкур мулкни олган ва уларга тобе бўлган. Бу беклик Сёгют (Сугут) атрофи (Билжиқ ва Эскишаҳар ўртаси)даги ҳудудни ўз ичига қамраб олган. Э. Эскишаҳардан то Янгишаҳаргача бўлган 50 км лик ҳудудни ҳам ўзига бўйсундирган. Ўғуз туркларининг қай уруғи Эскишаҳар ва Анадолу атрофларига келиб ўрнашганда улар ҳали ислом динини қабул қилишмаган эди. Бироқ улар мусулмон бўлгач, тез орада ислом динининг энг оташин ҳимоячиларига айланишган. Эртўғрул бошчилигидаги туркийлар қўшини салибчиларга кучли зарбалар берган. Эртўғрул узоқ умр кўриб, баъзи манбаларда ёзилишича, 90 ёшида оламдан ўтган. У тириклик пайти — 1281 йилда ўғли Усмон I га мазкур беклик бошқарувини топширган.
ЛЛ:Миллер А. Ф., Краткая история Турции, М., 1948; Рахманалиев Р., Империя тюрков, М., 2002.