ЭРШИ МУДОФААСИ

ЭРШИ МУДОФААСИ — Фарғона водийсидаги Эрши шаҳрини Хитой босқинчиларидан мудофаа қилиниши (мил. ав. 104—101 йиллар). Хитой истилочиларининг Фарғонага биринчи юриши мил. ав. 104 йил бошланган. Фарғона юришида қўшинга (40—50 минг киши) бош қўмондон қилиб Ли Гуангли тайинланади. Бу урушнинг бошланишига Хитой императори Уди учун от сотиб олинмаганлиги баҳона бўлган. Хитой истилочилари Эрши шаҳрига етмасданоқ қўшинларининг анчасидан айрилган. Йўлда чарчаган, оч қўшин Ўзган шаҳридаги ҳужумда катта талафот кўрган. Ли Гуангли қолган кучлари билан Дунгхуангга қайтиб келган. Хитой қўшинининг Фарғонага 1юриши 2 йил давом этган. 1ҳужум Хитой аскарларининг мағлубияти билан тамом бўлган. Удининг фармонига биноан, зудлик билан қайтадан уруш тайёргарлиги кўрилиб, 60 минг кишилик катта қўшин 2марта Эрши шаҳрини қамал қилган. Қамал 40 кундан ортиқдавом этган. Фарғоналиклар шаҳарни мардонавор ҳимоя қилишган ва душманга катта талафот келтиришган. Хитой қўшини, ўзларига энг яқин ҳисобланган Усун хонлигидан ёрдам келмагандан сўнг, Қанғ давлати қўшини Фарғонага ёрдамга келиб қолишидан хавотирланиб, фарғоналиклар қўйган шарт билан сулҳ тузишга мажбур бўлганлар. Улар фарғоналиклардан 3 мингта тулпор от ва оч қолган Хитой қўшини учун ғалла, озиқ-овқат олиб Хитойга қайтганлар. Бу юриш ҳам 2 йил давом этиб, мил. ав. 101 йил тугаган. Бу урушда хитойликлар катта талафот кўрганлар, юришда қатнашган жангчиларнинг ўндан биригина эсономон юртига қайтган.

Ад.: Абдухолиқ Абдурасул ўғли, Қадимги Фарғона тарихидан, Т., 2002.