ЭРСАРИ

ЭРСАРИ — йирик туркман қабилаларидан бири. Эрсарининг келиб чиқиши ҳақида маълумотлар жуда оз. Манбаларга кўра, Эрсари қабиласи 14-асрда пайдо бўлган. Ривоятларга қараганда, қабила Эрсари бой номига қўйилган. Абулғозий Баҳодирхон маълумотича, Эрсарилар 16—17-асрларда салор қабиласи таркибида Болхон тоғлари яқинида ва Узбойда яшаганлар. 17-асрнинг 1-ярмида Эрсари ларнинг катта бир қисми Хоразмга келиб ўрнашган. 17-асрнинг 70-й. ларида Хоразмдаги сиёсий воқеалар натижасида Эрсарилар бир қанча туркман қабилалари билан бирга Амударёнинг ўрта оқимида ҳоз. Лебап (Чоржуй) вилояти, Саёт туманидан бошлаб Жанубий Афғонистон чегарасигача бўлган ҳудудларга ўрнашганлар. 18-асрнинг охири — 19-асрнинг бошларида Эрсари ларнинг бир қисми туркманларнинг сариқ ва така қабилалари билан Мурғоб воҳасига жойлашган. Эрсарилар қуйидаги йирик ва кичик уруғларга бўлинган: қора (қурайш, чекич, гаган, қозон, мамиш, бой, ислом, ябан), бековул (сирли, ушакан, култоқ, ламбе, ерми, тоғочи), улудепе (эсонметли, қорача, сурх, оқ тери, қизил оёқ, этбош, чортоқ, месир, қорабағиш, ажи, габурди, сурхи, қурама), гунеш (қорасоқол, сулаймон, умар, чокир, кўзўлча, қурама). 1924 йил маълумотларига қараганда Ўзбекистонда Эрсарилар Бухоро, Қарши, Шеробод воҳаларида ҳам яшашган. Эрсарилар туркман халқи таркибига сингиб кетган.