ЭРОС

ЭРОС (Эрот номидан) — Қуёш системасидаги кичик сайёра. 1898 йил немис астрономи Г. Витт кашф этган. Э. Қуёш атрофини 1,76 йилда тўлиқ бир марта айланиб чиқади. Сайёра орбитасининг чўзиқлиги (е=0,233) катта бўлгани учун унинг кўринма юлдуз катталиги — 6,7 дан 11,3 гача ўзгариб туради. Эрос гантель шаклида бўлиб, унинг энг узун қисми 40 км, энг қисқаси 14 км. Орбитасининг эклиптикага оғмалиги 10°, 83, Қуёшдан ўртача узоқлиги 1,458 астрономик бирликка тенг. Ҳар 37 йилда Ерга жуда яқин келади ва Эрос кузатилиб, Қуёш параллакси аникланади. Э. Ерга 1975 йилда яқинлашган ва Ер билан орасидаги масофа 28 млн. км га тенг бўлган.