ЭРНАЗАР ЭЛЧИ

ЭРНАЗАР ЭЛЧИ, Мулла Муҳаммад Эрназарбий Мақсуд ўғли (18-аср, Бухоро) — Бухоро амирлигининг Россияга юборган элчилари раҳбари; йирик савдогар. Мадрасада ўқиган. 1745 йилдан бошлаб, Россияга бир неча марта тижорат мақсадида бориб, император Елизавета Петровна қабулида бўлган. Савдо ишлари билан Хуросон ва Ҳиндистонга ҳам борган. Кейинчалик Бухоро ҳукмдори Дониёлбий оталиқ томонидан Россияга юборилган 2 та элчилик миссияси (177476 ва 1779—80) га бошчилик қилган.

Биринчи элчилик таркибида 64 киши ва 20 та озод қилинган рус асирлари бўлган. Улар 1774 йил 1 сентябрда Аштархон (Астрахон) шаҳрига келишган ва Астрахон генералгубернатори П. Кречетников ҳузурида бўлишган. Сўнгра Москвага етиб келишгач (1775.14.3), Россия императори Екатерина II томонидан расмий равишда қабул қилинган (1775.5.4). Бу элчилик натижасида Бухоро билан Россия ўртасида мустаҳкам савдо алоқалари йўлга қўйилган, савдо карвонлари хавфсизлиги учун Эмба дарёси бўйида қалъа қурилган. Россиянинг чегара шаҳарлари: Оренбург, Астрахонда Бухоро савдогарларидан олинадиган божхона солиғи камайтирилган, ички шаҳарларда Ўрта Осиё савдогарларининг эркин ҳаракат қилиши кафолатланган.

Иккинчи элчилик 1779 йил ўрталарида бошланган, элчилик таркибида 28 киши бўлган. Эрназар элчи бошчилигида элчилар 1780 йилянв. да Москва ва Петербургга етиб келишган. Элчилик натижасида бухоролик савдогарлар Россиядан кўп миқдорда мис, пўлат ва чўян сотиб олишга муваффақ бўлганлар. Эрназар элчи Россияда ўз вазифасини тўлиқ уддалагач, Туркияга ҳам элчилик мақсадида борган. Эрназар элчи ўша ерда вафот этган. Эрназар элчи Бухорода мадраса қурдирган.

Ад.: Гуламов Х. Г., Из истории дипломатических отношений России с Бухарским ханством XVIII в., Т., 1992.

Қаҳрамон Ражабов.