ЭРМИТАЖ

ЭРМИТАЖ, Давлат эрмитажи — Санкт-Петербургдаги бадиий ва маданийтарихий давлат музейи; жаҳондаги энг йирик музейлардан. Эрмитажга 1764 йил Екатерина II томонидан (Берлиндан голланд ва фламанд мактаблари рассомларининг асарларини олиб келтирилиши асосида) асос солинган (1852 йилда томошабинлар учун қисман очилган), бу асарлар Қишки саройнинг «Эрмитаж» (франц. епш1а§е — холис жой) деб аталган апартаментига жойлаштирилган. Кейинчалик сарой учун чет эллардан йирик шахсий тўпламлар (Брюль, 1769; Кроз, 1772; Уолпол, 1779 ва бошқалар) сотиб олина бошланган. Қишки сарой картиналар каталогида 2080 та асар бўлган; шунингдек, гравюра, расмлар тўпламлари, қадимий давр ёдгорликлари, Ғарбий Европа амалий безак санъати, глиптика, танга ва медаллар, китоблар (Вольтер кутубхонаси) тўплана бошлаган. 19-асрдан археологик қазилмаларда очилган буюмлар, тасодифий топилмалар (жумладан, машҳур скиф тўплами) Эрмитажни бойитиб борган. Эрмитаж рус маданиятининг ривожланишида муҳим роль ўйнаган. Дастлаб Эрмитажга томошабинлар қўйилиши чекланган, экскурсияларга рухсат берилмаган. 1917 йил Октябрь тўнтаришидан сўнг Строгоновлар, Юсуповлар, Шуваловлар ва бошқалар рус меценат ва бойларининг мусодара қилинган тўпламлари Эрмитажга ўтказилган. Қишки сарой аста-секин Эрмитажга бутунлай топширилган. 2-жаҳон уруши йиллари Эрмитаж тўпламининг бир қисми эвакуация қилинган, лекин Эрмитаж қамал пайтида ҳам ўз фаолиятини тўхтатмаган.

Эрмитаж 8 бўлимдан иборат: ибтидоий маданият, антик дунё, Шарқ халқлари маданияти (Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудидан топилган археологик ёдгорликлар: Хоразмшоҳлар саройи ҳайкаллари, Айритом ёдгорликлари ва бошқалар сақланади), рус маданияти тарихи, нумизматика, Ғарбий Европа санъати (Леонардо да Винчи, Рафаэль, Тициан, Жоржоне, Веласкес, Рубенс, Ван Дейк, Халс, Рембрандт ва бошқалар асарлари картиналар галереяси; Микеланжело, А. Гудон, О. Роден ҳайкалтарошлик асарлари; расмлар, графика асарлари, амалий санъат ёдгорликлари тўпламлари), экскурсия ва маърузалар уюштирадиган илмиймаърифий, таъмирлаш (реставрация). Музей экспозицияси 350 дан ортиқ хонада намойиш этилади, йилига 3,5 млн. томошабин ташриф буюради.

Эрмитаж бирибири билан боғланган 5 бинога жойлашган: Қишки сарой (меъмор В. В. Растрелли, 1754—62), Кичик Эрмитаж (меъмор Ж. Б. М. ВалленДеламот, 1764 — 67), Эски Эрмитаж (меъмор Ю. М. Фельтен, 1771—87), Э. театри (меъмор Э. Кваренги, 1783—87), Янги Эрмитаж (меъмори Л. Фон Кленце, 1839—52). 1980 йил бошларида Васильев о. даги собиқ Меншиков саройи (18-аср) таъмирлангандан сўнг Эрмитажга берилган.

Эрмитаж катта илмий текшириш ишларини олиб боради: бадиий асарлар сотиб олади, илмий анжуманлар уюштиради, археологик экспедициялар ташкил қилади, илмий асарлар, каталоглар, альбомлар ва йўлкўрсаткичлар нашр қилади. Музей фаолиятида доимий ва даврий кўргазмалар уюштириш, чет эл музейларидан уюштириладиган вақтинчалик кўргазмалар муҳим ўрин тутади.