ЭРКИНДАРЁ — Қорақалпоғистондаги дарё. Уз. 105 км. Довудкўл сув омборидан 1 км ғарброқда, Амударёдан бошланади ва 30 км давомида ўзанидан сув оқади. Ундан кейинги 4 км масофада қуруқ ўзан шаклида. Суғориладиган далалардан юза ва ер ости йўли билан ташлама сувларининг келиб тушиши туфайли дарёнинг 34—42 км қисмида дарёда яна сув оқади. Сувининг суғоришга сарфланиши, буғланиши ва ертупроққа шимилиши натижасида 42км дан қуруқ ўзан бўлиб қолади. Бошланишидан 12—30 км масофада суви, асосан, суғоришга сарфланади. Оқимининг бошида сувчанлиги Амударё сувчанлиги билан боғлиқ бўлиб, 50 м3/сек. гача етиши мумкин.