ЭРКАҚОРИ

ЭРКАҚОРИ, Каримов Эркақори (1877.17.12, Данғара тумани Тумор қишлоғи — 1954.12.3, Қўқон) — ашулачи, аскиячи, Ўзбекистон халқ ҳофизи (1944). Катта ашула санъатининг йирик вакилларидан; ширали, жарангдор овоз соҳиби. Болалигида касаллик оқибатида кўзи ожиз бўлиб қолган. Қўқон мадрасасида таҳсил кўрган. Ёшлигидан Муқимий, Фурқат, Завқий каби шоирлар билан ижодий алоқада бўлиб, ўзи ҳам шеърлар ёзган. Навоий, Амирий, Муқимий, Камий, Ҳазиний, Чархий ва бошқаларнинг ғазалларига мослаб катта ашулалар ижро этган. Шунингдек, Эркақори репертуаридан мумтоз ва замонавий ашулалар, мақом йўллари, мас, «Даво қиласиз» (Камий ғазали), «Чапандози Гулёр» (Ҳазиний), «Янги боғ», «Унутманглар», «Замондандир» (Чархий), «Қўқон Ушшоғи», «Чортоқ» ва бошқалар ўрин олган. Чустий, Хастадил, Фироқий сингари шоирлар Эркақори ижодидан илҳомланиб ашулабоп шеърлар яратишган.

Э. Москвада бўлган Ўзбек санъати декадаси қатнашчиси (1937). Катта Фарғона канали қурувчилари ва 2-жаҳон уруши йилларида жангчилар ва меҳнаткашларга ўзининг руҳлантирувчи қўшиқ ва ашулалари билан маданий хизмат кўрсатган. Ўз даврининг уста аскиячиларидан бири сифатида машҳур бўлган. Шерқўзи Бойқўзиев, Эргаш Ҳайдаров, Расулқори Мамадалиев, Меҳмонтўра Тўйчиев ва бошқалар Эркақорининг шогирд ва ҳамнафаслари эди.

Ад:. Ўзбекистон халқ созандалари, 2-китоб, Т., 1974.