ЭРИТЕМА

ЭРИТЕМА (юн. — қизиллик) — терининг маълум бир жойи ёки анчагина қисмининг қизариши. Киши жуда уялганида ёки кучли ғазабланганида ҳам (рефлектор) Э. кузатилади, лекин бу ҳолат тезда ўтиб кетади. Турли физик ва кимёвий омиллар (ишқаланиш, иссиқ, совуқ, ультрабинафша нур), айрим юқумли касалликлар (қизамиқ, скарлатина, ич терлама), тери касалликлари (дерматитлар ва ҳ. к.), интоксикация, қон айланишининг бузилиши ва бошқаларда Эритема пайдо бўлади. Даволаш Эритемага сабаб бўлган омилни бартараф этишдан иборат.