ЭРИ КАНАЛ — АҚШнинг шим. шарқий қисмидаги сув йўли. 1817—25 йилларда қазилган. Бир неча марта реконструкция қилинган. Эри канал Буюк кўллар системаси (Эри кўли)ни Гудзон дарёси орқали Атлантика океани билан туташтиради. Умумий уз. 1107 км, шу жумладан, Буффало шаҳридан Трой шаҳригача 547 км, Олбани шаҳригача 560 км, эни 50 м, чуқ. 3,7 м. Каналда дарё транспорти билан, асосан, қурилиш материаллари, ғалла, нефть маҳсулотлари ташилади.