ЭРФУРТ — Германиядаги шаҳар, Гера дарёси бўйида. Тюрингия Республикасининг маъмурий маркази. Аҳолиси 202,1 минг киши (1999). Мамлакатнинг муҳим саноат марказларидан. Транспорт йўлларининг йирик чорраҳаси. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Машинасозлик саноати ривожланган: темирчиликпресслаш ускуналари, радиоэлектроника жиҳозлари, электрон ҳисоблаш техникаси ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд. Кимё, мебель, тикувчилик, пойабзал, полиграфия, озиқ-овқат саноати корхоналари ишлаб турибди. Тиббиёт академияси, ун-т бор. Э. га 741 йилда асос солинган. 8-асрда йирик савдо шаҳри бўлган. Меъморий ёдгорликлардан 12 — 15-асрларда қурилган готика черкови ва собор сақланган. Эрфуртда гул навларининг халқаро кўргазмаси ўтказилади.