ЭРЕНБУРГ Илья Григорьевич

ЭРЕНБУРГ Илья Григорьевич [1891.14(27).1, Киев 1967.31.8, Москва] — рус ёзувчиси. 1908 йил охиридан бошлаб Парижда муҳожир бўлиб яшаган. Адабий ижод билан шуғулланиб, «Мен яшаяпман» (1911), «Оддий кунлар» (1913), «Болалик» (1914), «Арафа ҳақида шеърлар» (1916) шеърий тўпламларини нашр этган. 1917 йил Февраль инқилобидан кейин Москвага қайтиб келган, аммо Октябрь тўнтаришини қабул қилмаган. Унинг шу давр ва 20-й. лар воқелигидан олган таассуротлари «Россияни дуо қилиб» (1918), «Аланга» (1919), «Арафа», «Ўйлар» (1921), «Хориждаги ўйлар», «Нураб бораётган муҳаббат» (1922) ва бошқалар тўпламларида ўз аксини топган.

Эренбург 1921 йилда Берлинга муҳожирликка кетиб, «Хулио Хуренито ва шогирдларининг ғайриоддий саргузаштлари» (1922), «Иккинчи кун» (1933), «Парижнинг ишғол этилиши» (1940) ва бошқалар романларини ёзган. 2-жаҳон уруши йилларида ҳарбий мухбир сифатида эълон қилган мақолалари билан шуҳрат қозонган. Эренбургнинг «Бўрон» (1946—47), «Пўртана» (1951—52) романлари ва «Илиқлик» (1954—55) қиссасида урушдан кейинги халқаро майдонда, шу жумладан, советлар мамлакатида кечган сиёсийижтимоий воқеалар бадиий мужассамлантирилган. Эренбургнинг 6 китобдан иборат «Одамлар, йиллар, ҳаёт» (1961— 65) мемуар асарида 20-аср тарихининг ёзувчи гувоҳ бўлган саҳифалари тасвир этилган.

Эренбург 50-й. лардаги «совуқ уруш» йилларида тинчлик учун олиб борилган халқаро ҳаракатда Жаҳон Тинчлик Кенгаши вицепрезиденти сифатида фаол қатнашган. Асарлари жаҳондаги кўплаб тилларга таржима қилинган.

Ас: Бўрон, Т., 1958; Собрание сочинений, т. 1—9, М., 1962—67; Стихотворения, Л., 1977; Летопись мужества. Публицистические статьи военнмх лет, М., 1974.

Ад.: Трифонова Т. К., Илья Эренбург, М., 1954; Воспоминания об Ильи Эренбурге, М., 1975.