ЭПИЗООТОЛОГИЯ

ЭПИЗООТОЛОГИЯ (эпизоотия ва …логия) — чорва моллари, паррандалар ва қушлар юқумли касалликларининг пайдо бўлиши, тарқалиши ва уларни тугатиш қонуниятларини ўрганадиган фан; эпизоотиянинг олдини олиш ва унга қарши курашнинг илмий асосланган чоратадбирларини ишлаб чиқиш билан ҳам шуғулланади.

Умумий ва хусусий Эпизоотологияга бўлинади. Умумий Эпизоотология эпизоотиялар пайдо бўлишининг сабабларини, улар ривожланиши ва сўнишининг умумий қонуниятларини ҳамда эпизоотиянинг оддини олиш ва батамом йўқотиш умумий чоратадбирларини ўрганади. Хусусий Эпизоотология айрим юқумли касалликнинг хусусиятларини ўрганади ва унга қарши кураш тадбирларини ишлаб чиқади.

Ҳоз. даврда Эпизоотологиянинг асосий муаммолари қатор юқумли касалликларнинг даврийлик сабаби, оксил касаллиги, кутуриш, куйдирги, сил, бруцеллёз ва бошқалар ўта хавфли касалликларга қарши кураш тадбирларини назарий асослаш, юқумли касалликлар эволюцияси бўйича тадқиқотлар олиб бориш, микроб ташувчанликни, шартли патоген микроорганизмлар томонидан чақириладиган юқумли касалликларда эпизоотик жараённи ўрганиш, эпизоотик жараённинг табиий ҳамда ижтимоийиқтисодий омилларини тадқиқ қилиш, эпизоотологик тадқиқотининг ягона стандарт усулларини ишлаб чиқиш ва бошқалар 16—17-асрларда юқумли касалликларнинг қўзғатувчилари маълум бўлмасада, уларнинг юқумлилиги ва ҳар бир касаллик пайдо бўлишининг ўзига хос сабаби борлиги аникланган. 1861 йил француз олими Л. Пастер баъзи юқумли касалликларнинг қўзғатувчиларини кашф этгач, Эпизоотология илмий асосда ривожлана бошлади.

Ўзбекистонда Эпизоотологиянинг ривожланиши 1924 йилда акад. К. И. Скрябин номидаги Ўзбекистон ветеринария илмий тадқиқот институти ташкил этилиши билан боғлиқ. Ўша йилларда ин-т олимлари куйдирги, отларнинг манқа, қорамолларнинг ўлат ва плевропневмонияси, қўйларнинг чечак ва бошқалар юқумли касалликларини тугатишда фаол иштирок этдилар. Дастлабки 10 йилликда ин-т Ўрта Осиё чорвачилиги учун 10 дан зиёд биологик препаратлар ишлаб чиқарди. 1934 йил Ин-тда Эпизоотология бўлими ташкил этилди, 1937 йилда проф. Г. Оболдуев раҳбарлигида биринчи бўлиб Ўзбекистон туманларининг юқумли касалликлар бўйича эпизотик ҳолати тўлиқ ўрганилди ва юқумли касалликлар тарқалишининг эпизоотик харитаси тузилди. Эпизоотология эришган ютуқлар туфайли республикада чорва молларининг сибирь яраси, ўлат, контагиоз плевропневмония ва ҳ. к. юкумли касалликлари бартараф этилди, айрим касалликларнинг тарқалиши чекланди.

Ад.: Пармонов М., Саидқулов Б., Пармонов Ж., Эпизоотология, Т., 1996.

Ҳошим Нурмаматов.