ЭПИР

ЭПИР — Шим. Грециядаги қадимий ўлка. Э. юнон қабилаларининг энг қадимий юрти, шу ердан улар кейинчалик Болқон я. о. ва Эгей денгизи оролларига тарқалганлар деган фикрлар мавжуд. қадимийда Эпирда қардош иллирий қабилалар: хаонлар, молосслар, феспротлар ва бошқалар яшаган. Бу қабилалар эҳтимол Эпирнинг қадимий юнон аҳолисини сиқиб чиқаришган. Мил. ав. 6—5-асрларда хаонлар Эпирда энг кучли қабила ҳисобланган. Кейинчалик устунлик молоссларга ўтган, уларнинг шоҳларидан бири — Пирр даврида (мил. ав. 4-аср охири — 3-аср боши) Эпирнинг бутун ҳудуди ягона давлатга бирлашган (шундан кейин Эпир аҳолиси эпиротлар деб аталган). Мил. ав. 168 йил Э. ни римликлар босиб олиб, 70 дан ортиқ шаҳарни вайрон қилишган ва 150 мингга яқин эпиротларни қул қилиб ҳайдаб кетишган. Август даврида (мил. ав. 27—мил. 14 йил) Эпир ҳудуди Римнинг Ахайя провинцияси таркибига киритилган. Император Траян даврида Э. Акарнания билан бирлаштирилиб Эпир провинциясини ташкил қилган, 3-аср охирида Иллириянинг бир қисми билан битта провинцияга бирлаштирилган. Мил. 4-асрдан — Византия таркибида (13—14-асрларда Эпир ҳудуди Эпир давлатига кирган), 15-аср ўрталаридан — Усмонли турк империяси ҳукмронлиги остида бўлган. 1881 йил Эпирнинг бир қисми (Арта р-ни) Грецияга қўшиб юборилган; 1912—13 йиллардаги Болқон урушларидан сўнг Эпирнинг бутун ҳудуди Греция таркибига кирган.