ЭЛЕКТР ОРГАНЛАР

ЭЛЕКТР ОРГАНЛАР — балиқларнинг электр разряд ҳосил қилувчи жуфт органлари. Ҳар қандай балиқ танаси атрофида, одатда, кучсиз электр майдони ҳосил бўлади. Электр органлар конвергент усулда бир қанча балиқлар (олабуғасимонлар, илонбалиқлар, скатлар, лаққалар ва бошқалар)да вужудга келган; ҳоз. 300 дан ортиқ тур балиқларда Электр органлар бор. Э. о. турли балиқларда турлича жойлашади. Ҳар бир электр орган устунчага ўрнашган кўп сонли электр пластинкалар (ЭП)дан тузилган. ЭП шаклан ўзгарган мускул, нерв ёки безли ҳужайралардан иборат. Ҳужайралар мембранасида кимёвий реакциялар натижасида электр зарядлари тўпланади. Пластинкаларнинг остки қисми манфий, юқори қисми мусбат зарядланади. Электр органлар пластинкалари ва устунчалари сони ҳар хил: электрли скатларда 500 га яқин устунчаларнинг ҳар қайсисида 400 тадан ЭП бўлади. Ҳар бир устунчадаги маҳсулоти чиқарилиб туриладиган бўлса, электр генератор сингари тўхтовсиз ишлаб туради. Электр органлар ишини адашган, юз ва тилтомоқ нервлари бошқаради. Электр органлар учида ҳосил бўладиган электр потенциаллар фарқи скатларда 300 В, электрли илон балиқлардз. 650 В гача, импульс разряди кучи 1 кВт дан 6 кВт гача етади. Электр разрядлардан ҳайвонлар йиртқичлардан ҳимояланиш, ўлжасига ҳужум қилиш, тур ичидаги сигнализация ва лойқа сувда мўлжал олиш воситаси сифатида фойдаланишади. Балиқлар бошида жойлашган лоренц капсулалари электр рецепторлар вазифасини бажариши тахмин қилинади. Лоренц капсулалари ингичка найлар орқали тери сиртига ва ён чизиқлари найига очилади. Бошқа балиқларни ўлимга олиб келадиган ток кучи Электр органларга эга бўлган балиқлар учун хавф туғдирмайди.