ЭЛАСТИК ТЎЛҚИНЛАР

ЭЛАСТИК ТЎЛҚИНЛАР — эластик муҳит (газ, суюклик ва қаттиқ жисмлар)да тарқаладиган механик тебранишлар. Тўлқинлар тарқалаётган муҳитнинг зарралари тўлқинлар билан бирга кўчмайди, улар фақат ўз мувозанат ҳолатлари атрофида тебраниб туради. Эластик тўлқинларнинг бўйлама ва кўндаланг хиллари бор. Бўйлама Эластик тўлқинларда муҳитнинг зарралари тўлқинлар тарқалаётган йўналиши бўйлаб, кўндаланг Эластик тўлқинларда эса тарқалаётган йўналишга перпендикуляр йўналишда тебранади. Механик кўндаланг тўлқинлар фақат силжиш қаршилигига эга муҳитда ҳосил бўлиши мумкин. Суюқ ва газ ҳолатдаги муҳитларда фақат бўйлама тўлқинлар; қаттиқ муҳитда ҳам бўйлама, ҳам кўндаланг тўлқинлар вужудга келади. Исталган вақтда тебранишлар етиб келган эластик муҳит нуқтадарининг геометрик ўрни тўлқин фронти деб, бир хил фазада тебранувчи нуқталарнинг геометрик ўрни тўлқин сирти деб аталади. Тўлқин сиртлари исталган шаклда бўлиши мумкин. Энг содда ҳолда улар текис (ясси) ёки сфера (сферик) шаклида бўлади. Эластик тўлқинлар эластик муҳит зарраларининг тебраниш амплитудаси ва частотаси, тўлқин узунлиги, фаза ҳамда гуруҳ тезликлари ва бошқалар кўрсаткичлар билан ифодаланади. Эластик тўлқинлар частотаси Гц улушларидан 1013 Ги гача. Эластик тўлқинлардан сейсмология ва гидролокацияда, океанларни ўрганишда, қаттиқ, суюқ ҳамда газ ҳолатдаги моддаларнинг тузилишини ўрганишда, тиббиёт ва бошқалар соҳаларда кенг фойдаланилади (яна қ. Тўлқинлар).