ЭЛАМ

ЭЛАМ — Месопотамиядаги Фурот ва Дажла дарёларининг қуйи ўзани шарқида, Эрон ясси тоғлигининг жан. ғарбий қисмида (Эрондаги ҳоз. Ҳузистон ва Луристон вилоятлари) жойлашган қадимий давлат (мил. ав. 3-минг йиллик — мил. ав. 6-аср ўртаси). Шумер манбалари Эламни — «баланд» идеограммаси билан, Аккад ёзувларида — «Эламту (м)» шаклида қайд этилган. Бу атамалар мил. ав. 3-минг йилликнинг 1-ярмидан маълум. «Элам» атамаси генетик жиҳатдан қадимий яҳудийча номи билан боғлиқ. Элам манбалари ўз мамлакатларини — «Хатамти», қадимий форслар — «Уваджа», араблар эса — «Ҳози» (ҳоз. Ҳузистон шундан) деб аташган. Эламнинг энг йирик вилоятлари — Барахши, Симашки, Аншан (Анзан); шаҳарлари — Аван (илк Элам ҳукмдорлари сулоласи шу ердан чиққан). Адамдун, Суза — Э. пойтахти.

Шумер ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, мил. ав. 3-минг йилликда Элам билан Месопотамия шаҳарлари ўртасида савдо алоқалари мавжуд бўлган. Эламдан ёғоч, кумуш, мис ва бошқалар, Эламга арпа, мой келтирилган. Ҳунармандчилик турли соҳаларда ихтисослашган (қурувчи, ёғочни қайта ишловчи, кулол, нонвой ва бошқалар).

Элам илк қулдорлик давлати бўлган. Ибодатхона ва давлат хўжаликларида, шунингдек, уй жамоаларида мил. ав. 2-минг йилликдан бошлаб қуллар меҳнатидан фойдаланилган. Шу даврга доир Элам ҳужжатлари жамоа тарихи бўйича муҳим материалларни беради. Мил. ав. 7-аср ўрталарида Оссурия подшоси Лшшурбанипал Эламнинг бир қатор шаҳарларини вайрон қилиб Эламни Оссурияга бўйсундирган. Бироқ 7-асрнинг охирига келиб Оссуриянинг ўзи барҳам топган. Ички сиёсий низолардан таназзулга юз тутган Элам бўлса, мил. ав. 6-асрнинг 1-ярмида Мидия, сўнгра Ахоманийлар томонидан босиб олинган.