ЭКВАТОРИАЛ ГВИНЕЯ

ЭКВАТОРИАЛ ГВИНЕЯ, Экваториал Гвинея Республикаси — Экваториал Африка, Атлантика океани соҳилида жойлашган давлат. Таркибига материк қисм — РиоМуни ҳамда Биоко о. ва бошқалар майда ороллар киради. Майд. 28,1 минг км2. Аҳолиси 498,1 минг киши (2002). Пойтахти — Малабо шаҳри Маъмурий жиҳатдан 7 провинция (ргоутсе)га бўлинади.

Давлат тузуми. Экваториал Гвинея — республика. Амалдаги конституцияси 1991 йил 17 нояб. даги референдумда маъқулланган; 1995 йилда тузатишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент; у умумий овоз бериш йўли билан 7 йил муддатга сайланади ва яна бир неча марта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни парламент (халқ вакиллари палатаси), ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати. Экваториал Гвинея континентал қисмининг ер юзаси бал. 600—900 м бўлган тоғликлар (энг баланд жойи 1200 м), соҳили камбар пасттекислик. Биоко вулканли оролида мамлакатнинг энг баланд жойи — СантаИсабель чўққиси (3008 м) бор. Иқлими экваториал, доим сернам. Ойлик ўртача т-ра 24° дан 28° гача. Ёғин миқдори йилига 2000 мм дан зиёд, оролларда 2500 м гача. Дарё кўп, ҳаммаси серсув ва серостона, фақат қуйи қисмида кемалар қатнайди. Асосий дарёси — Мбини. Ўсимликлари қизилсариқ латерит тупроқдарда ўсувчи доим яшил сернам экваториал ўрмонлардан иборат. Ўрмонларда қимматбаҳо ёғоч олинадиган 150 дан ортиқ дарахт тури — мойли ва кокос пальмалари, темир дарахти, окуме ва бошқалар ўсади. Ҳайвонот дунёси бой ва хилмахил: маймун, кийик, мангуст, ғизол, фил, қоплон ва бошқалар яшайди.

Аҳолисининг аксариятини бантуларга мансуб фанг ва буби халқлари ташкил этади. РиоМуни соҳилида бенга, комбу, ленге ва бошқалар халқлар яшайди. Расмий тил — испан тили. Диндорларнинг асосий қисми католиклар; протестантлар ҳам бор. Аҳолининг бир қисми анъанавий маҳаллий динларга эътиқод қилади. Шаҳар аҳолиси 29,2%. Муҳим шаҳарлари: Малабо, Бата.

Тарихи. 1472 йил бошида Португалиянинг Фернандо По бошчилигидаги экспедицияси Гвинея қўлтиғидаги оролга келиб тушди (кейинчалик бу орол Фернандо По номи билан аталди; 1979 йилдан Биоко о.) ва уни ўз мулки деб эълон қилди. 1592 йилдан оролларни мустамлакага айлантириш ҳаракати бошланди. 1778 йилдан у Испания Гвинеяси номи билан Испания мулки бўлиб қолди (1843 йилдан Испания оролда мустаҳкам ўрнашиб олди). Мамлакатнинг материк қисми — РиоМуни Испания ва Франция мулкига айланди (улар ўртасидаги чегара 1900 йил белгилаб олинди). Экваториал Гвинея аҳолиси кўп йиллар мобайнида ўз озодлиги ва мустақиллиги учун курашиб келди. Айниқса, бу кураш 20-асрнинг 30-й.

лари охиридан жиддий тус олди. 1960 йил Испания ҳукумати Экваториал Гвинеянинг мустамлака мақомини бекор қилишга мажбур бўлди ва уни Испаниянинг «денгиз орти» провинциясига айлантирилганлигини эълон қилди. 1964 йил унга «ички мухторият» мақомини берди. Миллий озодлик ҳаракатининг авж олиши натижасида 1968 йил 12 октда мамлакат Э. Г. номи билан мустақилликка эришди. Экваториал Гвинея 1968 йилдан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1992 йил 17 янв. да тан олган ва 1993 йил 24 июнда дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 12 октябр — Мустақиллик куни (1968).

Сиёснй партиялари. Социалдемократик партия, 1991 йил тузилган; Э. Г. демократик партияси, 1987 йил тузилган; Либералдемократик конвент; Социал демократия учун конвергенция; Социалдемократик халқ конвенти.

Хўжалиги. Экваториал Гвинея — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ ва ўрмон ҳўжалиги 46%, саноат 33%, хизмат кўрсатиш тармоғи 21% ни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалиги — мамлакат иктисодиётининг асоси. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг 80% қ. х. да банд. Деҳқончилик ва ёгоч тайёрлаш муҳим роль ўйнайди. Экспорт учун какао, кофе, банан, мойли пальма етиштирилади. Ички эҳтиёж учун маниок, батат, ер ёнғоқ, маккажўхори, шоли, цитрус мевалар, сабзавот экилади. Ўрмонда ёввойи мойли пальма мевалари йиғилади, қимматбаҳо ёгоч тайёрланади. Чорвачилик суст ривожланган. Балиқ овланади.

Саноати, асосан, майда ҳунармандчилик корхоналаридан иборат. Пальма мойи ишлаб чиқариш, ёғочсозлик, ёғоч тилиш, қ. х. маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари бор. Йилига ўртача 20 млн. кВтсоат электр энергияси ҳосйл қилинади.

Автомобиль йўлларй уз. 2,7 минг км. Денгиз портлари — Бата, Малабо. Четга кофе, какао, ёғоч чиқаради. ЧетДан озиқовқат, машина ва жиҳозлар, кенг истеъмол моллари олади. Ташқи савдода Камерун, АҚШ, Япония, Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳамкорлик қилади. Пул бирлиги — КФА франки.

Тиббий хизмати. Экваториал Гвинеяда 1100 ўринли 20 га яқин касалхона, 150 дйспенсер, 600 дан зиёд қишлоқ тиббиёт пункти бор. Врачлар чет элда тайёрланади.

Халқ маорифи. Мамлакатда 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар учун мажбурий таълим жорий этилган. Давлат мактаблари билан бирга хусусий мактаблар ҳам бор. Бошланғич мактаб 8 йиллик. Тўлиқ ўрта маълумот олиш учун 9 — 11синфларда 3 йил ўқиш лозим. Турли ҳунар мактаблари бор. Малабода маъмурий хизматчилар мактаби ва ўқитувчилар тайёрлаш (бошланғич мактаблар учун) мактаби, Бата шаҳрида ўрта махсус маълумот берувчи Политехника институти фаолият кўрсатади. 1980 йилдан Малабо ва Батада Испания ун-тининг сиртқи таълим филиаллари ишлайди. Олий маълумотли кадрлар чет элда тайёрланади. Малабода кутубхона бор., Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Экваториал Гвинеяда «Африка 2000» жур. (3 ойда 1 марта испан тилида), «Вос дель пуэбло» («Халқ овози», испан тилида) газ., «ЭльСоль» («Қуёш») ҳафтаномаси (испан тилида) нашр этилади. Экваториал Гвинея миллий радиоси ҳукумат радиостясидир. Экваториал Гвинея миллий телевидениеси, телекўрсатув хизмати, Малабо шаҳрида жойлашган.

Меъморлиги ва тасвирий санъати. Халқ турар жойлари ёғочдан тўғри бурчакли қилиб қурилади ва томи икки нишабли бўлиб, пальма япроқлари билан ёпилади. Шаҳарлар, асосан, тартибсиз қурилган 1 қаватли уйЛардан иборат бўлиб, катта майдонни эгаллайди (Малабо ва Бата шаҳриларида 2—3 қаватли). 20-асрнинг бошларида айрим бинолар сохта готика услубида, 60-й. ларда замонавий Европа меъморлиги руҳида (Малабодаги аэропорт ва телеграф, Бата шаҳридаги радиостя, съездлар саройи ва бошқалар) қурилди. Экваториал Гвинеяда ёғоч ўймакорлиги (турли рақсларда кийиш учун ниқоблар, думалоқ барабанлар тайёрлаш), ёғочдан геометрик нақшлар билан безатилган қўнғироқчага ўхшаш (лебо) мусиқа асбоблари ясаш ривожланган.