ЭКСТРЕМИЗМ

ЭКСТРЕМИЗМ (лот. — ўта, кескин) — сиёсатда ва мафкурада ашаддий, фавқулодда ҳаракат ва қарашларга асосланиб фаолият юритиш. Экстремизмнинг сиёсий ва диний кўринишлари яққол ажралиб туради. Сиёсий Экстремизм намояндалари ўзларининг ғаразли мақсадига эришиш учун куч ишлатиш усулларидан фойдаланиб, мавжуд сиёсий тузилмаларнинг барқарор фаолият юритишини бузиш ва йўқотишга ҳаракат қилади. Бу йўлда экстремистлар ва экстремистик ташкилотлар «демократия» ниқоби остида баландпарвоз шиорлар, чақириқлар билан чиқиб, террорчилик ва партизанлик ҳаракатларини қўллабқувватлайдилар, қонунга риоя этмаслик, иш ташлашлар, тартибсизликлар чиқаришга уринадилар, одамларни гижгижлайдилар, террор қилиш усулидан фойдаланадилар (қ. Терроризм). Экстремистик ташкилотларнинг раҳбарлари ҳар қандай муроса ва келишувни рад этадилар. Ўзига тобеларни ўз буйруқ ва кўрсатмаларини кўркўрона бажаришга мажбур этадилар. Сиёсий Экстремизмнинг миллатчилик кўриниши турли миллат ва этник гуруҳлар ҳуқуқини инкор этишда намоён бўлади. Миллатчи экстремистлар фаолияти сепаратизм билан боғлиқ бўлиб, кўп миллатли давлатларни йўқотиш, туб миллат ҳукмронлигини ўрнатишга қаратилади. Бундай Экстремизм миллатлараро муносабатларнинг кескинлашуви ва халклар ўртасида можаролар чиқишига олиб келади. Диний экстремизм, аввало, бошқа конфессияларга, уларнинг вакилларига нисбатан тоқатсиз бўлади. Диний ташкилотлардан дунёвий давлатга қарши курашда фойдаланади. Экстремизмнинг турли кўринишлари сўнгги вақтларда дунёнинг кўп мамлакатларида, хусусан, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасида ҳам ўзини намоён эта бошлади. Турли диний экстремистик ташкилотлар («Ҳизбут-таҳрир», «Тавба») янгидан мустақилликни қўлга киритган дунёвий давлатларга таҳдид солмоқда. Улар вақтинчалик қийинчиликларни рўкач қилиб, аҳолини, айниқса, ёшлар онгини ақидапарастлик ғоялари билан заҳарламоқда. Фарзандларни йўлдан уришга, ўз ота-онасига, акаукасига, ўзи туғилиб ўсган масканига, давлатига қарши қўйишга ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда Экстремизмга қарши кураш ўта долзарб вазифа ҳисобланади.

Ад.: Каримов И. А., Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка тахдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари, Т., 1997.

Сайфиддин Жўраев.