ЭКССУДАТ

ЭКССУДАТ (лот. — ташқарига чиқаман, ажраламан) — яллиғланиш туфайли майда веналар ва капиллярлардан атрофдаги бўшлиқ ва тўқималарга сизиб чиқадиган суюқлик. Таркибида оқсил, лейкоцитлар, эритроцитлар ва кўпинча микроблар бўлади. Экссудат ҳамма яллиғланиш жараёнларида ҳосил бўлиб, тана бўшликларида тўпланади. Экссудат атрофдаги тўқималарни сиқиб, улар фаолиятининг бузилишига, яллиғланиш ўчоғидан тўқималарга ёриб ўтганда инфекция тарқалишига сабаб бўлади. Таркибига кўра, Экссудатнинг сероз, йирингли, қонли, фибриноз ва ҳ. к. турлари ажратилади. Ўз вақтида тўғри даво қилинса, Экссудат ҳеч бир асоратсиз, батамом сўрилиб кетади. Экссудат шиш билан кечадиган касалликларда кузатиладиган транссудатдан фаркланади.