ЭКСПРОМТ

ЭКСПРОМТ (лот. — тайёр, тез) — 1) махсус тайёргарликсиз, ҳозиржавоблик билан яратилган асар, импровизация. Достон, терма, шеър, аския, сўз ўйини, лапар, ёрёр, қўшиқ ва бошқалар кўринишларда бўлиши мумкин. 18-асрда Францияда, 18-аср охири ва 19-аср бошларида Россияда (Н. Карамзин, А. Пушкин, М. Лермонтов ва бошқалар ижодида) кенг тарқалган. В. Маяковский, М. Светлов, Ғ. Ғулом, шунингдек, ўзбек бахшилари, аскиячилари учун характерли (яна қ. Бадиҳа);

2) мусиқада — бадиҳагўйлик тарзида (асосан, фортепиано учун) яратилган чолғу пьеса. Мустақил жанр сифатида 19-аср бошида романтик композиторлар ижодида юзага келган (Я. Воржишек, Г. Маршнер). Ф. Шуберт, Ф. Шопен, Ф. Лист Э. нинг мумтоз намуналарини яратишган. Экспромт турли (соната, мураккаб 3 қисмли, вариация ва бошқалар) шаклда бўлиши мумкин.