ЭКСПРЕССИВЛИК

ЭКСПРЕССИВЛИК (тилшуносликда) — тил бирлигининг семантикстилистик белгилари мажмуи; тил бирлигининг алоқасўзлашув жараёнида сўзловчининг нутқ мазмунига ёки нутқ қаратилган шахсга нисбатан субъектив (ижобий ёки салбий) муносабатининг ифода воситаси бўла олишини таъминлайди. Экспрессивлик тилнинг барча сатҳлари бирликлари учун хосдир. Фонетик экспрессив воситалар сифатида сўз таркибидаги ундошлардан бирининг қўшалоқ ҳолда ёки бирор унлининг чўзиқ талаффуз этилиши, урғунинг ўрнини ўзгартириш кабиларни кўрсатиш мумкин. Морфологик воситалар сифатида кенг миқёсдаги эркалашкичрайтиш қўшимчалари (субъектив баҳо ифодаловчи қўшимчалар) ни кўрсатиш мумкин (ойиойижон, укаукагинам ва бошқалар). Лексик экспрессив воситаларга ўз ҳақиқий маъносидан ташқари услубий (салбий ёки ижобий) бўёққа эга бўлган сўзлар, ундов сўзлар ва кучайтирув юкламалари киради (мас, «қилтириқ» сўзи озғинликни салбий жиҳатдан ифодалайди, баҳолайди). Синтактик сатҳда эса Экспрессивлик одатдаги сўз тартибини ўзгартириш, эллиптик тузилмалардан фойдаланиш, сўз такрорлари орқали таъминланади. Алоқасўзлашув жараёнида лисоний экспрессив воситалар билан параллел равишда, нутқ экспрессивлигини кучайтиришга кўмак берувчи кўплаб паралингвистик (нолисоний) воситалар (товушнинг баландлиги ва тембри, нутқ суръати, мимика, имоишора) ҳам қўлланади. Экспрессивлик бевосита инсон ҳистуйғуларини ифодалаш билан боғлиқ бўлганлиги учун уни эмоционаллик (ҳиссиёт, эмоцияни ифодаловчи сўзлар ва улардан фойдаланиш)дан ажратиб тасаввур этиш қийин. Ҳатто баъзи тилшуносларнинг асарларида Экспрессивлик ва эмоционаллик категориялари бир хил ҳодиса деб талқин қилинади.

Неъмат Маҳкамов.